13:20 / 07.03.2024
5046

Путин ва АЭХА раҳбари Запорижжя АЭС хавфсизлигини муҳокама қилди

Аввалроқ АЭХА Европадаги энг йирик атом электр станциясидаги ядро хавфсизлигидан хавотир билдирган ва Москвани уни қайта ишга туширмаслик ҳақида огоҳлантирган эди.

Фото: Andrey Borodulin/AFP/Getty Images

6 март, чоршанба куни Сочидаги «Бочаров Ручей» қароргоҳида Россия президенти Владимир Путин ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси учрашди. Музокаралар 50 дақиқа давом этди, суҳбатнинг аксарияти ёпиқ тарзда ўтди. Гроссининг сўзларига кўра, Путин билан учрашув Запорижжя атом электр станцияси хавфсизлигига бағишланган. 

«Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан Сочида Запорижжя АЭСнинг ядровий ва жисмоний хавфсизлиги, ядровий қуролларни тарқатмасликнинг бошқа глобал муаммолари бўйича муҳим фикрлар алмашилди», - дея тушунтирди АЭХА раҳбари учрашувни. Кремл музокараларнинг ёпиқ қисмига изоҳ беришдан бош тортди. 

Европадаги энг йирик АЭС ўқлар остида

Аввалроқ, 6 март куни АЭХА Москвани Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Украина жануби-шарқида жойлашган Европадаги энг йирик атом электр станциясини қайта ишга туширмаслик ҳақида огоҳлантирган эди. «Бу фаол уруш зонаси», деди Рафаэл Гросси. У, шунингдек, Россия ва Украина станциядаги ядровий авариянинг олдини олиш учун «ўта вазминлик» кўрсатиши кераклигини қўшимча қилди ва «Россия билан мулоқотни давом эттириш» тарафдори эканини билдирди. 2024 йил феврал ойида Гросси Запорижжя атом электр станциясига ташриф буюрганди. 

Запорижжя атом электр станцияси 2022 йил март ойида Россия армияси томонидан эгаллаб олинган. Ўшандан бери станция бир неча бор ўққа тутилган ва бу эҳтимолий ядровий авария ҳақида хавотир уйғотган. 

Top