10:12 / 08.03.2024
3868

Трампга ўзи ҳақидаги досе муаллифига 300 минг фунт тўлаш мажбурияти юкланди

АҚШ собиқ президенти ўзи судга берган компаниянинг суд харажатларини тўлаши керак бўлади.

Фото: Reuters

Лондон суди 7 март, пайшанба куни Доналд Трампга Orbis Business Intelligence компаниясига 300 минг фунт стерлинг (351 минг евро) тўлашга мажбуриятини юклади. Унинг ҳаммуассиси, MI-6 разведка хизмати собиқ ходими Кристофер Стил АҚШ собиқ президенти ҳақидаги маълумотнома муаллифи бўлиб, унда Россияда унга нисбатан компроматлар борлиги айтилади.

2023 йил сентябрида Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод бўлишга интилаётган Доналд Трамп шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича Кристофер Стилни судга бергани маълум бўлди. 2024 йил 1 февралда суд бу даъвони рад этди. 

«Стил досеси» 

Доналд Трампнинг Россия билан алоқалари ҳақида маълумот берилган маълумотнома 2017 йилда Американинг BuzzFeed нашри сайтида эълон қилинган эди. У муаллиф шарафига «Стил досеси» деб номланган. Унда, хусусан, Доналд Трамп 2016 йилдаги АҚШ президентлиги сайлови олдидан Россиядан ёрдам сўрагани, шунингдек, Россия расмийларида Трамп ҳақида компромат маълумотлар борлиги даъво қилинган. 

Ўша хабарда нашр маълумотномада хатолар ва тасдиқланмаган баёнотлар борлигини таъкидлаган.

Россиянинг АҚШ сайловларига аралашуви

2019 йил баҳорида АҚШ собиқ махсус прокурори Роберт Мюллернинг Россия Америкадаги президентлик сайловларига аралашуви ва Доналд Трамп Россия билан эҳтимолий тил бириктиргани ҳақидаги ҳисоботи чоп этилган эди. Ҳисоботда айтилишича, тергов «Трамп кампанияси аъзолари Россия ҳукумати билан сайловларга аралашиш ҳаракатларида тил бириктирган ёки мувофиқлашганини аниқламади», аммо терговчилар воқеаларнинг тўлиқ ҳолатини бирлаштира олмагани таъкидланган.

Бундан ташқари, Мюллер ҳисоботида Россиянинг 2016 йилги президентлик сайловларига аралашуви ноқонуний, кенг тарқалган ва тизимли бўлгани ҳамда Трамп кампанияси бундан фойда кўргани ҳақида хулоса қилинган. 

Top