Иқтисодиёт | 15:35 / 11.03.2024
9940
2 дақиқада ўқилади

ОИИБ Ўзбекистонга молиявий ва техник кўмак ҳажмини оширишни режалаштирмоқда

Самарқанд 25-26 сентябр кунлари Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошқарув кенгашининг йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) вице-президенти Людгер Шукнехт билан учрашув ўтказди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, cуҳбат чоғида президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йилнинг январ ойида ОИИБ бош қароргоҳига ташрифидан сўнг сезиларли даражада фаоллашган ОИИБ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш динамикаси қайд этилди.

Ташриф якунлари бўйича 2024-2026 йилларда Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасида умумий қиймати 2,5 миллиард долларлик қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорлик дастури ҳамда ОИИБ бошқарув кенгашининг йиллик йиғилишини 2024 йил 25-26 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Томонлар лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурига киритилган энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, соғлиқни сақлаш ва сув таъминоти соҳаларида янги ташаббусларни биргаликда ҳаётга татбиқ қилиш истиқболларини кўриб чиқди.

ОИИБ бошқарувчилар кенгашининг 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган 9 йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Турли мамлакатларда роад-шоу ва тақдимотлар ташкил этиш, тадбирнинг ташкилий ва мазмунига доир масалалари бўйича қўшма "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш режалаштирилди.

Учрашув якунлари бўйича ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, хусусан, молиявий ва техник кўмак ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўришга ўзаро тайёрлик билдирилди, муҳокама қилинган лойиҳалар ва ташаббусларни ўз вақтида амалга ошириш доирасида келгусида фаол ҳамкорлик қилиш йўллари ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид