Ўзбекистон | 15:04 / 12.03.2024
88527
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors нархларни оширишини эълон қилди

Компания хабарига кўра, 2024 йилнинг 2-ярмида ишлаб чиқариладиган автомобиллар учун контрактация очилиши кутилмоқда. Бунда Damas, Labo ва Cobalt нархлари 3,5 – 6,7 фоиз оралиқда оширилади. UzAuto Motors ўз дилерларига олибсотарлик билан шуғулланиш имкониятини беради.

Фото: Autostrada

UzAuto Motors Damas, Labo ва Cobalt автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмини қўшимча равишда оширишини маълум қилди.

Компания хабарига кўра, ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга, 2023 йил охирида берилган шартномаларнинг бир қисми учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмагани ҳам қўшимча автомобилларни сотувга чиқариш имконини бермоқда.

Damas, Labo ва Cobalt учун шартномалар очилиш санаси кейинроқ эълон қилинади.

“Контрактация учун очиладиган қўшимча ҳажм 2024 йилнинг иккинчи ярмида ишлаб чиқарилиши ҳисобга олган ҳолда, Damas, Labo ва Chevrolet Cobalt автомобилларининг нархи 3,5 – 6,7 фоизгача бўлган оралиқда қайта кўриб чиқилади”, – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, эндиликда UzAuto Motors ўз дилерларига кейинчалик сотиш учун автомобилларни харид қилиш имкониятини беради. Шу билан бирга, дилерларга автомобил учун тавсия этилган чакана қиймат белгиланади.

“Ушбу ёндашув нафақат дилерлик марказлари ўртасидаги рақобатни кучайтиради, балки хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди. Дилерлик марказлари хизмат кўрсатиш сифати ва инновацион хизматларни яхшилаш орқали қўшимча опциялар ва аксессуарларни таклиф қилиш имкониятига эга бўлишади”, – дейилади хабарда.

Маълумот учун, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририга кўра, устун мавқега эга компаниялар монопол товарларга нисбатан янги нархларни жорий этишда бу ҳақда камида 15 кун олдин эълон қилиши шарт.

Автомобилларнинг янги нархлари қуйидагича кўриниш олиши кутилмоқда:

  • Cobalt GS-Style Plus MT – 133 598 000 сўм
    (аввалги нарх 124 264 000 сўм эди);
  • Cobalt GX-Style Plus AT – 156 589 000 сўм
    (аввалги нарх 146 757 000 сўм эди);
  • Damas D2 DLX Style Plus – 100 325 000 сўм
    (аввалги нарх 96 932 000 сўм эди).

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 2023 йил давомида нархларни икки марта, охиргисида октябр ойида оширган эди.

Мавзуга оид