Фан-техника | 11:10 / 23.03.2024
26744
14 дақиқада ўқилади

Tesla'дан ажабтовур машина – Cybertruck пикапи нега барчани ҳайратга солмоқда?

2023 йил 30 ноябр куни Tesla ўзининг янги машинаси Cybertruck тақдимотини ўтказди. Пикап русумидаги ушбу машина кўринишидан оддий пикаплардан кескин фарқ қилади. Машинанинг барча томони кескин бурчак тарзда ишланган. Тақдимотдан сўнг бир неча кун ичида компания Cybertruck машинасидан 250 минг дона буюртма олганини маълум қилди.

Фото: alamy.com

Сўнгги йилларда америкалик миллиардер Илон Маск ўзининг ақлбовар қилмас лойиҳалари билан оммани лол қолдиришда давом этмоқда.

Tesla электромобиллари, бутун дунёни интернет билан таъминлаш учун қилинаётган Starlink лойиҳаси шулар жумласидан.

2023 йил кузда Илон Маск яна бир лойиҳанинг тақдимотини ўтказди. Бу Cybertruck деб номланувчи ғалати кўринишдаги машина эди. Лойиҳанинг ғалатилиги шундаки, бу турга мансуб бўлган машина кузови ўзгача бўлиб, унинг барча томони ўткир бурчакдан иборат эди.

Тақдимотдан сўнг бир неча кунда Tesla компанияси Cybertruck машинасига дунё бўйлаб қарийб 250 мингта буюртма тушганини эълон қилди.

Cybertruck тарихи

Tesla компанияси илк электромобили Roadster тақдимотини 2006 йилда ўтказганди. Ушбу машинани серияли ишлаб чиқариш 2008 йилдан бошланган. Ўша пайтда бу машина нархи 100 минг доллар эди.

2009 йилда компания Tesla Model S машинасини оммага тақдим этди. 2012 йилда Tesla Model X, 2014 йилда Model 3, 2019 йилда Model Y машиналари сотувга чиқарилади.

2016 йилда Илон Маск Tesla компанияси ўзгача услубда ва кўринишда йўлтанламас пикап ёки фургон ишлаб чиқаришини эълон қилади. 2017 йилда янги пикапнинг умумий ўлчамлари Ford F-150 пикапидан кам бўлмаслиги айтилади.

2018 йилда Tesla компанияси икки хил пикап лойиҳаси устида ишларни давом эттиради. Улардан бири Mercedes-Benz Sprinter кўринишида, иккинчиси янги, аввал учрамаган дизайнда эди.

Cybertruck пикапининг тақдимоти, 2019 йил \ Фото: alamy.com

2019 йил март ойида Tesla компанияси Tesla Model Y электромобили тақдимотини ўтказади. Ана шу ерда Илон Маск ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган пикап киберпанк услубида бўлиши ва унинг футуристик кўриниши ҳаммага ёқиши ҳақида гапиради.

2019 йил 22 ноябр куни Илон Маск ғайриоддий кўринишда бўлган янги Tesla Cybertruck машинаси оммага тақдим этади ва у ҳақда маълумот беради.

Унга кўра, пикапнинг кузови зангламайдиган металлдан ишлаб чиқарилиши, ойналари ҳам қалин бўлиши айтилади. Шу ерда Илон Маск пикапнинг ойнасига қаттиқ жисм билан уриб кўрсатади, ойна синмайди.

Бироз ўтиб машина дизайнери Франц фон Холцхаузен ойнага зарба берганда у синади. Шунда Илон Маск ҳазиллашиб “унга бажариш учун иш топилди”, дейди. Бу ойна янада мукаммал кўринишига келтирилишига ишора эди.

Cybertruck пикапининг умумий кўриниши аввалроқ Маск айтганидай киберпанк услубида бўлиб, унинг кузови фақат кескин бурчак остида букилган эди.

Лойиҳага кўра, бу машина бир марта қувватлантирилганда 400-800 км масофани босиб ўтиши керак эди. Ўшанда пикапни ишлаб чиқариш 2021 йилдан бошланиши айтилади.

Сўнг муддат 2022 йил охиригача узайтирилади. Шунда ҳам жараён кечикади ва Илон Маск Cybertruck 2023 йил ёзда конвейердан чиқишини эълон қилади.

2023 йил ёзда пикапнинг ягона нусхаси оммага тақдим этилади. Серияли ишлаб чиқариш шу йил кузда бошланди.

2019 йилда Илон Маск Cybertruck пикапининг ягона нусхасини омма эътиборига тақдим этгандан сўнг икки кунда бу машинага 150 мингта буюртма тушади.

Cybertruck характеристикаси

Cybertruck пикапи уч хил кўринишда, бир, икки ва уч двигателли қилиб ишлаб чиқарилмоқда:

Single motor RWD – битта двигател ўрнатилган бу русум қувватлагич бир марта тўлдирилганда 482 км масофани босиб ўта олади. У соатига 100 км тезликка 6,5 секундда чиқади.

Машинанинг максимал тезлиги соатига 170 км бўлиб, унинг юк кўтариш қуввати 1 587 килограммни ташкил этади. Пикапнинг умумий оғирлиги 3 400 кг, нархи 39 900 доллар этиб белгиланган.

Dual motor AWD – иккита двигател ўрнатилган бу русум қувватлагич бир марта тўлдирилганда 600 км масофани босиб ўта олади. У соатига 100 км тезликка 4,5 секундда чиқади.

Машинанинг максимал тезлиги соатига 193 км бўлиб, унинг юк кўтариш қуввати 1 587 килограммни ташкил этади. Пикапнинг умумий оғирлиги 4 535 кг, нархи 49 900 доллар этиб белгиланган.

Tri motor AWD – учта двигател ўрнатилган бу русум қувватлагич бир марта тўлдирилганда 800 км масофани босиб ўта олади. У соатига 100 км тезликка 2,9 секундда чиқади.

Tesla Cybertruck'нинг ўлчами анча баҳайбат бўлган Ford F-150 пикапидан ҳам катта.

Машинанинг максимал тезлиги соатига 210 км бўлиб, унинг юк кўтариш қуввати 1 587 килограммни ташкил этади. Пикапнинг умумий оғирлиги 6350 кг, нархи 69 900 доллар этиб белгиланган.

Cybertruck пикапининг умумий характеристикаси:

  • Узунлиги – 5 885 мм;
  • Эни – 2 027 мм;
  • Баландлиги – 1 905 мм;
  • Юк кўтариш қуввати – 6 350 кг (3 моторлисида);
  • Ёқилғи сиғими – ўртача 640 км масофага етадиган электр энергия;
  • Двигателлари – электр энергиясида ҳаракатланадиган (учтагача);
  • Юкхона сиғими – 2,8 метр куб;
  • Юкхона узунлиги – 198 см (юкхона эшиги очилганда яна 40 см узайиши мумкин);
  • Кузов тури – пикап
  • Синфи – йўлтанламас пикап
  • Ғилдирак формуласи – тўртта ғилдираги ҳам тортади
  • Дизайнери – Франц фон Холцхаузен ва Сам Жафари

Cybertruck пикапининг камчиликлари

Cybertruck пикапининг дастлабки партияси 2023 йил охири ва 2024 йил январда ўз эгаларига етказиб берилди. Шундан сўнг кўплаб автоишқибозлар уни синовдан ўтказиб кўришди ва бу ҳақдаги видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиришди. Ана шу синовларда пикапнинг бир қанча камчиликлари аниқланган.

Caption

Жумладан, пикапнинг учта двигател жойлаштирилган русуми аввал айтилгандай соатига 100 км масофага 2,9 сонияда чиқмаганини маълум қилишди.

Пикапнинг иккита двигателли русумини харид қилганлардан бири у қувват тўлдирилганда 515 км ўрнига 409 км масофани босиб ўтганини айтиб чиқди.

Бошқа бир мижоз эса аккумулятор қуввати қўлланмада кўрсатилганидан тезроқ тугаб қолаётганини билдирган. У аккумуляторни 84 фоизга тўлдирган ва 400 ўрнига 300 км масофани босиб ўтган.

Шунингдек, пикап олганлардан айримлари у Илон Маск мақтаганидай чидамли эмаслигини айтиб чиқди. Илон Маск пикап кузови жуда мустаҳкам ва қалин эканини, анча-мунчага пачақ бўлмаслигини, ойналари синмаслигини айтиб чиққанди.

2023 йил сўнгида ижтимоий тармоқларда ЙТҲга учраган Cybertruck видеоси тарқалди. Ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Бироқ машина кузови жиддий пачақланган.

Cybertruck салонида катта монитордан бошқа эътиборни тортадиган ҳеч нарса йўқ. Car and Driver

Бундан ташқари, Илон Маск Cybertruck кузови зангламайдиган металлдан қуйилаётганини айтганди. Бироқ пикапдан фойдаланаётганлар унинг кузовига теккан ёғ, қуш ахлати, ёпишиб қолган ҳашаротлар, яна йўлдаги музламаларга сепилаётган тузлар тезда артиб ташланмаса уларнинг ўрни занглаб металл коррозияга учраётганинини айтишмоқда.

Tesla’нинг бошқа моделлари

Tesla Roadster

Tesla Roadster (Биринчи авлод)

Tesla Roadster спорт автомобили бўлиб, унинг тақдимоти 2006 йил 19 июл куни Калифорния штатидаги Санта-Моника шаҳрида ўтказилган.

Ушбу машинанинг серияли ишлаб чиқарилиши 2008 йилда бошланган ва ўшанда унинг нархи 100 минг долларни ташкил этган. 20212 йилда Tesla Roadster’ни ишлаб чиқариш тўхтатилган.

Tesla Model S

Tesla Model \ Фото: auto.it/

Ушбу электромобилнинг тақдимоти 2009 йил 26 март куни ўтказилган. Хетчбэк кўринишидаги Tesla Model S серияли тарзда 2012 йил 22 июндан бошлаб чиқарилган.

2015 йилдан бошлаб Tesla Model S иккита двигател билан чиқарила бошланган. Ўшанда унинг нархи 75 750 долларни ташкил этган. У бир марта қувват тўлдирилганда 442-502 км масофани босиб ўта олган.

2012 йилда Tesla Model S Американинг Motor Trend журнали томонидан “Йил автомобили” деб топилган.

Tesla Model X

2012 йилда компания Tesla Model X электромобилининг тақдимотини ўтказади. Кроссовер русумидаги бу автомобилни серияли ишлаб чиқариш 2015 йилдан бошланади.

Tesla Model X

Янги автомобилда ўриндиқлар уч қатор бўлиб, орқа эшик автоматик тарзда очилиб ёпиларди. Шунингдек, мижозлар унинг икки двигателли русумини ҳам буюртма қилишлари мумкин эди.

Маълумот учун, 2024 йил 11 феврал куни америкалик машҳур тадбиркор 51 ёшли миллиардер аёл Анжела Чао Tesla Model X машинаси туфайли ҳалок бўлди. Анжела ўз ранчосида Model Xга ўтириб ҳаракатланаётганда машина орқага юради ва сувга тушиб кетади.

Қутқарувчилар етиб келиб сув остидаги машинанинг эшикларини оча олишмайди, ойналарни эса синдириб бўлмайди. Tesla Model Xни сувдан тортиб олишганда аёл ҳалок бўлганди.

Tesla Model 3

Tesla Model 3

Model 3 электромобили ишлаб чиқарилиши ҳақида илк бор 2014 йил 15 июн куни эълон қилинган. Унинг тақдимоти 2016 йил 1 апрел куни ўтказилган.

Ушбу электромобилнинг дастлабки номи Model E ва BlueStar бўлган. Сотувга чиқиш арафасида Model 3 деб ўзгартирилган.

Тақдимот ўтказилгандан сўнг бир ҳафта ичида Model 3 электромобилидан 325 минг дона буюртма тушади. Ўшанда уни буюртма бериш учун аввалдан 1 000 доллар тўлаш шарт эди.

Электромобилни ишлаб чиқариш 2017 йилдан бошланади ва унинг нархи 35 000 доллар эди. Model 3 аккумулятори бир марта қувватлантирилганда 350 км масофани босиб ўта оларди.

Tesla Model Y

Tesla Model Y

Кроссовер русумидаги ушбу электромобилнинг тақдимоти 2019 йил март ойида ўтказилган. Уни серияли ишлаб чиқариш 2020 йил январдан бошланган. 2020 йил 13 мартдан харидорларга етказиб бериш бошланган.

Tesla Semi

Tesla Semi юк электромобили

2017 йил 16 ноябр Tesla электрда ҳаракатланадиган юк машинаси тақдимотини ўтказди. Tesla Semi деб номланган бу автомобилни 2023 йилдан ишлаб чиқариш бошланди.

Бу юк автомобилига ўрнатилган аккумуляторлар бир марта қувватлантирилганда 40 тонна юк билан 800-900 км масофани босиб ўта олади. Tesla Semi дунёдаги электрда ҳаракатланадиган биринчи юк машинаси ҳисобланади.

Tesla Roadster (икинчи авлод)

Tesla Roadster (Иккинчи авлод)

2017 йил ноябр ойида компания Tesla Roadster электромобилининг янгиланган версияси ишлаб чиқарилишини эълон қилади.

Шунда унинг максимал тезлиги соатига 400 км бўлиши, соатига 100 км тезликка 1,9 секундда чиқиши, аккумулятори бир марта қувватлантирилганда 1 000 км масофани босиб ўтиши айтилади.

Маълумот учун 2008 йилда ишлаб чиқарилган Tesla Roadster электромобили соатига 100 км тезликка 4 секундда чиққан. Унинг максимал тезлиги соатига 201 км бўлган. Аккумулятори бир марта тўлдирилганда 300-400 км масофани босиб ўтган.

Supercharger қувватлантириш тармоғи

Supercharger Tesla компаниясининг қувватлантириш тармоғи ҳисобланади. Тармоқ аввалига АҚШнинг турли штатларида, сўнг Канада, Европа давлатларида ва Хитойда ташкил этилган.

2018 йилда бу тармоқ Европа шарқидаги Хорватия, Полша, Венгрия ва Туркия давлатларида ҳам ўрнатилган эди.

Tesla Supercharger электромобилларни қувватлаш станцияси \ Фото: alamy.com

2023 йил маълумотларига кўра дунё бўйлаб 4 927 та Supercharger қувватлантириш тармоғи ўрнатилган. Улардан 1 941 таси Шимолий Америкада (шундан 1 724 таси АҚШда), 2 013 таси Осиё-Тинч океани минтақасида (шундан 1 628 таси Хитойда), 973 таси Европада (шундан 164 та Германияда, 142 таси Францияда).

Supercharger қувватлантириш тармоғининг бир қисми қуёш энергиясидан қувват олади. Келажакда Илон Маск тармоқ станцияларининг барчасини қуёш энергиясидан қувват оладиган қилиб ўрнатмоқчи.

Supercharger қувватлантириш тармоғининг ўзига хослиги шундаки, улардаги электр энергия сотилмайди. Тармоқдаги қувватлаш станцияларидан бошқа компаниялар электромобиллари фойдалана олмайди.

Улардан фақат Tesla компаниясида ишлаб чиқарилган электромобилларни харид қилганлар бепул ёки қисман бепул фойдаланишлари мумкин.

Cybertruck ҳақида қизиқарли маълумотлар

  • Cybertruck кузови Ultra-Hard 30X Cold-Rolled зангламайдиган металлдан қуйилади. Бу совуқ темир прокати бўлиб, уни ишлаб чиқараётганлар кузов 9 миллиметрли ўққа ҳам дош беришини айтишган.
  • Cybertruck электромобили асосан кузови бўялмаган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда. Мабодо мижоз қандайдир рангни танласа машина бўяб ҳам берилади.
Қора рангга бўялган Cybertruck
  • Cybertruck электромобилининг тақдимотида унинг эшигига кувалда билан зарба беришган, бироқ металл пачақ бўлиш уёқда турсин, зарба изи ҳам қолмаган. Шунингдек, машина корпуси экзоскалет конструкцияси асосида ясалган ва бу ЙТҲ содир бўлганда ҳайдовчи ҳамда йўловчиларнинг хавфсизлигини максимал таъминлайди.
  • Электромобилга зирҳли Tesla Armor ойналари ўрнатилган. Бу турдаги ойна Tesla компаниясининг ўз маҳсулоти ҳисобланади.
  • Cybertruck 1,5 тонна юкни кўтара олишини юқорида ёздик. Шунингдек, у 6,35 тонна юкни шатакка олиб ҳаракатланиши мумкин.

  • Электромобилнинг юкхонаси ҳажми 2 800 литрга тенг ва у ерга бемалол квадроциклни жойлаштирса бўлади.
  • Cybertruck электромобилига автопилот ўрнатилган ва у рўпарадаги нишонни 250 метрдан “таниб олади”. Бундан ташқари, электромобилга 12 та сенсорли датчиклар билан жиҳозланган 8 та камера ўрнатилган.
  • Электромобил салони жуда содда ишланган ва ортиқча ҳашамат йўқ. У ерда барча маълумотларга эга 17 дюймли дисплей ўрнатилган холос.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти