Жаҳон | 21:08 / 30.03.2024
12038
2 дақиқада ўқилади

Зеленский бир қанча маслаҳатчиларини ишдан олди, бу «оптималлаштириш» билан изоҳланди

Улар орасида давлат раҳбарининг энг яқин сафдошларидан бири Сергий Шефир ҳам бор.

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский бир қанча маслаҳатчиларини лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳужжатлар Украина президенти сайтида эълон қилинган.

Улар орасида давлат раҳбарининг энг яқин сафдошларидан бири Сергий Шефир ҳам бор. У 2019 йилдан буён президентнинг биринчи ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаётганди. Зеленский билан биргаликда у ҚВЗ жамоасида ўйнаган ва «Квартал 95» студиясида ишлаган. Сергий Шефирни Украина президентининг энг яқин шерикларидан бири деб аташган.

Зеленский, шунингдек, учта мустақил маслаҳатчиси - Михайло Радуцкий, Сергий Трофимов ва Олег Устенкони ишдан бўшатди.

Бундан ташқари, Украина президентининг ҳарбийлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича комиссари Алёна Вербицкая ва кўнгиллилар фаолияти бўйича комиссари Наталия Пушкарёва ишдан бўшатилди.

29 март куни Зеленский президент девонхонаси раҳбари ўринбосарлари Андрий Смирнов ва Олексий Днепровни ишдан бўшатган эди. Бундан бироз олдин Украина президенти Олексий Даниловни Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби лавозимидан озод қилган эди.

Украина президентининг матбуот котиби Сергий Никифоров кадрлар ўзгариши «оптималлаштириш» билан боғлиқлигини айтди.

«Бугунги кунда президент маслаҳатчилари ва ёрдамчиларининг ишдан бўшатилиши президент девони ходимларининг оптималлаштирилгани билан боғлиқ. Володимир Зеленский бошқа расмийлардан ҳам шундай саъй-ҳаракатларни кутмоқда», деди Никифоров.

 

Мавзуга оид