Ғазода ўлдирилган хорижликлар, Истанбулдаги ёнғин, Татаристонга етиб борган дронлар — кун дайжести
Ўтган кун ичида дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан энди кундуз кунлари таништириб борамиз.
Ғазодаги вазият
Фаластиннинг Ғазо секторида Исроил авиазарбаси туфайли World Central Kitchen инсонпарварлик ташкилотининг етти ходими ўлдирилган.
Ўлдирилганларнинг орасида Австралия, Буюк Британия ва Полша фуқаролари бор. World Central Kitchen ҳужумни «кечириб бўлмас» деб баҳолаган ва кузатувчи автомобилга ташкилотнинг логотиплари ёпиштирилгани, уларнинг ҳаракати эса исроиллик ҳарбийлар билан мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этилганини таъкидлаган.
Улар Ғазонинг оч қолган аҳолисига озиқ-овқат етказилишини кузатиб бораётган бўлишган. Энди World Central Kitchen Ғазодаги фаолиятини номаълум муддатга тўхтатган.
ЦАХАЛнинг расмий баёнотида «олий даражада бу фожиали ҳодисанинг сабаблари ўрганилиши» айтилган, бироқ Исроил армияси зарба учун жавобгарликни тўғридан тўғри ўз зиммасига олмаган.
Исроил бош вазири «бундай ҳодиса бошқа такрорланмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун» қўлидан келган барча ишни қилиши, «уруш пайтида бундай воқеалар юз бериб туриши»ни таъкидлаган.
World Central Kitchen уруш чоғида Ғазода ҳаракат қилаётган асосий инсонпарварлик ташкилоти эди. Уруш бошидан буён ташкилот 32 миллион порция озиқ-овқат тарқатган.
Халқаро ташкилотларнинг баҳолашича, Ғазодаги 300 мингга яқин аҳоли яқин вақт ичида очарчилик билан тўқнаш келади. Ғазо аҳолисининг ярми тўйиб овқатланмаяпти, 1 миллиондан ортиқ инсон уйсиз қолган, 75 фоиз аҳоли мажбуран уй-жойларини ташлаб чиқиб кетган, дейилади Жаҳон банки ва БМТ маълумотида.
Ғазодаги «Аш-Шифо» касалхонаси Исроил қамалидан сўнг буткул вайронага айланган, юзлаб инсонларнинг жасади топилмоқда. Фаластин томони маълумотларига кўра, «Аш-Шифо»да бўлиб ўтган қирғинда 1500 дан ортиқ фаластинликлар ўлдирилган, ярадор қилинган ва бедарак йўқолган. Уларнинг тенг ярмини аёллар ва болалар ташкил этади.
78 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган, арабчадан таржимаси «шифохона» бўлган тиббиёт маскани Исроил таламонидан сўнг «ўликхона»га айланган.
«Аш-Шифо» вайроналари Ғарб давлатларининг Яқин Шарқдаги ноинсоний сиёсати ва асосий мақсади ерли аҳолини қириб юбориш бўлган Исроилнинг Фаластинни оккупация қилишининг даҳшатли оқибатлари рамзига айланмоқда.
Эроннинг талаби
Исроил Сурия пойтахтидаги Эрон консуллигига авиазарба берганидан сўнг Эрон зудлик билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини чақиришга чорламоқда.
Душанба куни берилган авизарба туфайли камида етти киши ҳалок бўлган. Уларнинг орасида Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг олий мартабали икки генерали ҳам бор.
БМТга йўллаган хатида Эроннинг БМТдаги доимий вакили Заҳро Эршодий «ушбу тоқат қилиб бўлмас бузмакорлик»ни қоралашга ва келгусида дипломатик миссияларни хавф остида қолдириши мумкин бўлган ҳаракатларнинг олдини олишга чақирган.
Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиённинг айтишича, Теҳрон ҳужум учун Исроилни жавобгар деб билади. Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба бериш «барча халқаро конвенцияларни бузишдир», деди Абдуллоҳиён. Исроил ҳарбийлари бу хабарларга изоҳ бермаслигини айтган.
Истанбулда даҳшатли ёнғин
Туркиянинг Истанбул шаҳрида таъмирланаётган тунги клуб ёниб кетган. 29 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Истанбул марказидаги Бешиктош туманида жойлашган 16 қаватли турар жой биносининг ертўла қисмида жойлашган «Маскарад» тунги клубида 2 апрел куни кундузи келиб чиққан ёнғинда бир киши ярадор бўлган, 29 киши ҳалок бўлган.
Ёнғинни ўчириш учун 31 та ўт ўчирувчи автомобил 86 нафар қутқарувчи жалб қилинган.
Ёнғин нимадан келиб чиққани номаълум. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси тунги клубни таъмирлаётган қурувчилар бўлган.
Ёнғин ортидан олти киши ҳибсга олинган, жумладан тунги клуб менежери. Воқеа жойига Истанбул мэри Акрам Имомўғли ва Бешиктош ҳокими Довут Гул келишган.
Украина-Россия уруши
Украина президенти Володимир Зеленский 25 ёшдан бошлаб ҳарбий сафарбарликка ёллаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Олий Рада қонунни қарийб 1 йил аввал қабул қилган эди.
Қонун билан Украинанинг «Ҳарбий мажбурият тўғрисида»ги қонунига ҳам ўзгартириш киритилган. Қонуннинг аввалги талқинида муддатли ҳарбий хизматни ўтамаган 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган эркакларни ҳарбий сафарбарликка ёллаш мумкин эмасди.
Зеленский бу қонунни имзолашни пайсалга солиб келаётганди. Рада уни ўтган йилнинг 30 майида қабул қилган эди. Украина парламенти 7 феврал куни кенг миқёсли сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини ҳам бир ўқишда қабул қилган. Унга кўра, муддатли хизмат бекор қилинади ва ўрнига умумқўшин тайёргарлиги ўталади.
Дарвоқе, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украина, албатта, НАТО аъзосига айланишини таъкидлаб, галдаги масала бу мақсад сари ҳаракат қилиш учун аниқ йўл харитаси ишлаб чиқишга бориб тақалаётганини айтган.
Украина дронлари Татаристонда дронлар ишлаб чиқарувчи завод ҳамда нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилган. 13 киши яралангани айтилмоқда.
Ушбу заводлар Украинадан 1200 км олисда жойлашган. Дронлар ҳужумидан сўнг Алабуға шаҳридаги «Shahed» дронлари ишлаб чиқарувчи заводнинг ётоқхонасида портлашлар содир бўлган.
Нижнекамскдаги Россиянинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводлари бешлигига кирувчи ТАНЕКО нефт заводига қилинган ҳужумда уч киши жароҳатланган. Дрон қурилмалардан бирига бориб урилган. Айни пайтда Россиядаги бензиннинг 6 фоизи, дизел ёқилғисининг 10 фоизини ишлаб чиқарувчи заводда иш вақтинча тўхтатилгани маълум қилинмоқда.
Россиялик айрим расмийлар Украина 1200 км масофага дрон учира олиши мумкин эмаслиги, дронлар Қозоғистон ҳудудидан учирилган бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган.
Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Россиянинг Татаристон Республикасидаги нишонларга ҳужум қилган дронлар ўз ҳудудидан учирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Россияга қарши санкциялар
Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида Россиянинг ҳамкор давлатларидан бўлган Арманистондан сўнг Қирғизистон ҳам Россиянинг «Мир» тўлов карталарига жорий этилган санкцияларга қўшилди. Тақиқ 5 апрелдан кучга киради.
АҚШ «Мир» тўлов тизимига қарши санкцияларни феврал ойи охирида жорий этган эди. Иккиламчи санкцияларга дучор бўлмаслик учун Хитойнинг UnionPay тўлов тизими, Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам «Мир»дан воз кечган.
Россиядаги энг йирик суюлтирилган табиий газ лойиҳаси санкциялар туфайли тўхтаб қолган, деб ёзади Reuters.
Россиянинг НОВАТЭК ҳолдинги «Арктик СПГ-2» лойиҳасида санкциялар ва суюлтирилган табиий газни ташиш учун танкерлар етишмаётгани туфайли ишлаб чиқаришни тўхтатган.
Феврал ойида компания Жанубий Кореянинг Hanwha Ocean кемасозлик компаниясидан учта газ ташувчи кемани ололмаётганини хабар қилган эди. Чунки кемаларнинг буюртмачиси АҚШ санкциялари остига тушган «Совкомфлот»нинг тузилмаларидир. Яна учта танкер ишчи кучи етишмаслиги туфайли ўз вақтида фойдаланишга топширилмаяпти.
Россияга кемаларни етказишдан бош тортаётган Жанубий Корея Украинага 2,1 млрд доллар кредит ажратадиган бўлди. Бу пуллар урушдан зиён кўрган ҳудудларни тиклашга сарфланади.
2024–2029 йиллар мобайнида Украинага 2,1 млрд доллар миқдоридаги давлат кафолати остидаги имтиёзли кредит тақдим этилади.
Мавзуга оид
14:20 / 13.11.2024
Байрутга берилган зарбалар, сионист вазирнинг истаги ва Қирғизистондаги ҳибсга олишлар — кун дайжести
13:35 / 12.11.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар, терговдаги Нетаняҳу ва сайловдан ютган Илон Маск — кун дайжести
13:47 / 11.11.2024
Ғазо шимолидаги сўнгги шифохона, Яманга авиаҳужум ва жиноятини тан олган Нетаняҳу — кун дайжести
14:13 / 09.11.2024