15:44 / 05.04.2024
2113

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир қанча лойиҳалар концепциясига 825 млн сўм ажратди

Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманлари учун 6 та қурилиш ва реконструкция лойиҳалари амалга оширилади. Лойиҳа концепциясини “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ишлаб чиқади, шаҳар ҳокимлиги компанияга 824,8 млн сўм ажратади. Лойиҳалар доирасида Чорсу ва Эски Жўва бозорларини қайта таъмирлаш ҳам кўзда тутилган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг шу йил 28 мартдаги қарорига кўра, Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида қурилиш ва реконструкция ишларини олиб бориш учун лойиҳа концепциялари ишлаб чиқилади.

Бунинг учун маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси ҳисобидан 824,8 млн сўм ажратилиши белгиланган. Концепцияни ишлаб чиқиш вазифаси ҳокимлик ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясига берилган.

Қайд этилишича, қарор президентнинг 2023 йил май ойида шу икки туманга қилган ташрифида берилган топшириқларнинг ижроси юзасидан қабул қилинган.

Жами лойиҳа сони 6 та бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

  1. “Туризм ҳалқаси”ни барпо этишда пиёдалар ва велойўлаклар, очиқ турдаги автотураргоҳлар ҳамда суғориш ва ирригация инфратузилмаси қуришга – 213,6 млн сўм;
  2. Сархумдон маҳалласи ҳудудидаги темирчилик устахоналарини реконструкция қилишга – 138,7 млн сўм;
  3. Самарқанд дарвоза маҳалласи Учлола кўчасида барпо этилган ёпиқ сув ҳавзаси ва спорт мажмуасига – 177 млн сўм;
  4. Маҳаллалар ҳудудларида аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ва хизмат кўрсатиш мақсадида микро боғлар ҳамда сайилгоҳлар ташкил этишга – 149 млн сўм;
  5. Чорсу ва Эски Жўва деҳқон бозорларини реконструкция қилиш концепцияси лойиҳа таклифлари ишлаб чиқишга – 119,5 млн сўм;
  6. Шайхонтоҳур туманидаги Янгиобод маҳалласини обод ҳудудга айлантириш лойиҳа таклифларини ишлаб чиқишга – 27 млн сўм йўналтирилади.

Маълумот учун, 2023 йил июн ойида Тошкентда 20 км узунликда “Туризм ҳалқаси” барпо этилиши, Чорсу бозори реконструкция қилиниши айтилганди.

Top