Жаҳон | 18:44 / 12.04.2024
5752
2 дақиқада ўқилади

БМТ қабул комиссияси Фаластин аъзолиги бўйича келишувга эриша олмади 

Фаластин 2011 йилдан буён БМТ аъзоси бўлишга уринмоқда, бироқ бу ташаббус БМТ Хавфсизлик Кенгашида етарли овоз тўпламаяпти. 

Фото: Reuters

БМТ Янги аъзоларни қабул комиссияси Фаластиннинг тўлақонли аъзолиги бўйича консенсусга эриша олмади. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик Кенгашига вақтинчалик раҳбарлик қилаётган Малта доимий ваколатхонаси Anadolu агентлигига хабар берди. 

Қайд этилишича, Малта ушбу масала бўйича ҳисобот тайёрлаб, БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига тақдим этади. 

Бошқа томондан, Малтанинг доимий вакили Ванесса Фрейзер журналистларга аъзолик шартлари билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқлигини ва қўмитанинг учдан икки қисми аъзоликни қўллаб-қувватлаганини айтди. 

Фаластиннинг БМТдаги доимий кузатувчиси Риёз Мансур БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга давлатнинг тўлақонли аъзолиги билан боғлиқ мактуб йўллади. 

«Бугун Фаластин Давлати Фаластин раҳбарияти номидан Бош котибга (Антониу Гутерриш) аъзолик ҳақидаги аризасини қайта кўриб чиқишни сўраб мактуб йўллади», дейилади ижтимоий тармоқдаги постда. 

Хусусан, Мансур мактубда БМТ Хавфсизлик Кенгашидан апрел ойида Фаластиннинг БМТ аъзоси бўлиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқишни сўраган. 

Фаластин БМТда «аъзо бўлмаган кузатувчи давлат» мақомига эга. 2012 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Фаластиннинг мақомини «кузатувчи ташкилот»дан «аъзо бўлмаган кузатувчи давлат»га кўтарган эди. 

Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиши учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг розилиги керак. Сўнгра БМТ Бош Ассамблеясида овозга қўйилиши лозим. 

Фаластин 2011 йилда БМТга тўлақонли аъзо бўлиш учун ариза берган, бироқ бу ташаббус БМТ Хавфсизлик Кенгашида қўллаб-қувватланмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид