15:35 / 16.04.2024
12041

Тошкентдаги мактабда ўқитувчи бошланғич синф ўқувчиларига игна ва “саморез” санчиб жазолагани аниқланди

Сергели туманининг 277-мактаб педагоги 1-синф ўқувчиларининг қўлига игна ва “саморез” санчиб, уларни жазолагани аниқланди. Ўқитувчи шундай усулда болаларни “тарбиялашга” уринганини билдирган. Ҳолат ортидан педагог ишдан кетган, Болалар омбудсмани вазиятни назоратга олган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ҳолат Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 277-мактабнинг 1-“э” синф ўқувчилари билан содир бўлган. Болалар омбудсманининг хабар беришича, 16 апрел куни болаларнинг 15 нафар ота-онаси мактаб директорининг ҳузурига келиб, 1-“э” синф раҳбари устидан шикоят қилган.

Унга кўра, ўқитувчи ўқувчилар қўлининг кафт қисми устига “саморез” ва игналар билан санчиб, турли жароҳатлар етказган, “гўёки шундай усулда болаларни тарбиялашга уринганини” билдиришган.

1-“э” синф раҳбари С.Р. болаларга нисбатан шундай номақбул ҳаракатларни содир қилганлиги юзасидан ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ишдан бўшатилди”, дейилади расмий изоҳда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Вазиятни Болалар омбудсмани назоратга олган. Бу бўйича қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.

Top