11:33 / 18.04.2024
12315

Шавкат Мирзиёев Душанбега етиб борди

Душанбе аэропортида Ўзбекистон президентини Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон кутиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Душанбе шаҳрига борди.

Пойтахт аэропортида давлат раҳбарини Тожикистон президенти Имомали Раҳмон кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди ва икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди. Ўзбекистон президентини кутиб олишда Тожикистон ёшлари ва ижодий жамоалари вакиллари ҳам қатнашди.

Сўнг президент “Дўстий” майдонига ташриф буюриб, Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гул қўйди.

Олий даражадаги музокараларда етакчилар Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади, халқаро ва минтақавий даражадаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашади.

Ташриф дастурида икки мамлакат санъат усталарининг концертини биргаликда томоша қилиш ҳамда Made in Uzbekistan маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиш режалаштирилган.

Давлат ташрифи доирасида бир қатор тадбирлар, шу жумладан хотин-қизлар форуми, Ўзбекистон киноси кунлари, зиёлилар, олимлар ва тарихчилар конференцияси, миллий таомлар ва туризм салоҳияти фестивали бўлиб ўтди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида Ректорлар форуми ва Душанбе шаҳрида бизнес форуми ўтказилган эди.

Top