Ўзбекистон | 19:29 / 19.04.2024
18425
11 дақиқада ўқилади

"Ўзбекистон–Тожикистон иттифоқчилиги глобал геосиёсий эҳтиёж” – таҳлилчи

Ўзбекистон халқаро майдонда икки иттифоқчи ва 14 стратегик шерикларга эга. 18 апрел президент Мирзиёевнинг Тожикистондаги олий даражадаги учрашувлари чоғида иттифоқчилик келишувига эришилди. Бу эса ташқи сиёсатдаги муҳим нуқталаридан бири ва табиийки, таҳлил қилишга чорлайди. Биз эса ушбу мавзуни таҳлил қилиш учун Марказий Осиё минтақаси бўйича бир қанча илмий изланишлар қилган сиёсий таҳлилчи Шерзод Зияевга юзланамиз.

— Иттифоқчилик шартномаси давлатлар ўртасидаги муносабатларга қандай маъно беради?

— Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида алоқалар сўнгги йилларда динамик характерда бўлиб, улар тобора бир-бирига яқинлашиб бормоқда. Ўзбекистон учун Тожикистон муҳим бир стратегик аҳамиятга эга бўлган мамлакат, худди шундай Тожикистон учун ҳам Ўзбекистон улкан аҳамиятга эга мамлакат сифатида эътироф этилмоқда. Биз буни қатор ташрифлардан ва томонлар ўртасидаги учрашувлар, бизнес форумлари, ректорлар форумлари ва маданий алоқалардан хам билишимиз мумкин.

Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома камдан кам давлатлар ўртасида имзоланади. Бу халқаро муносабатлардаги, яъни томонлар ўртасидаги энг юқори босқичлардан бири ва албатта, тарихий бир даврини бошлаб берди. Аслини олганда мамлакатларимиз халқлари буни асрлар мобайнида кутган ва асрлар мобайнида бу халқлар умумий тарихга ва қадриятларга, ришталарга эга мамлакатлар сифатида қаралади. Бугунги халқаро вазият шуни тақозо этмоқдаки, мамлакатлар, айниқса, кичик ва ўрта ҳажмга эга бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон каби мамлакатлар ўзаро сиёсий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни тақозо этмоқда. Иттифоқчилик тўғрисидаги шартнома, биринчи навбатда, бу сиёсий шартномадир. Яъни сиёсий аҳамиятга эга бўлган ўзаро қийин даврларда бир-бирини қўллашга мажбур бўлган бир ҳолатни ўзида акс эттиради.

Кўряпмизки, кичик мамлакатларга ҳар томонлама, иқтисодий, геосиёсий босимлар ошиб бораётган бир даврга тўғри келмоқда. Глобал сиёсий вазият ва мамлакатларнинг ички эҳтиёжлари шуни талаб қиляпти. Неча йиллар мобайнида бу мамлакатлар ва яшаётган халқлар буни орзу қилган. Уларнинг турмуш тарзи, маданияти, менталитети, қадриятлари, орзу интилишлари — ҳаммаси жудаям уйғун бир бирига. Мамлакат лидерлари буни тушуниб етди ва улар тарихий вазифани адо этишмоқда.

— Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларининг иқтисодий боғлиқлиги қай даражада ва қайси соҳаларни қамраб олади?

— Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқаларда 2016 йилдан кейинги даврни биз кўриб чиқадиган бўлсак, жуда катта сакраш бўлди. Аввало чегара муаммолари ҳал қилинди мамлакатлар ўртасида ва хавфсизлик билан боғлиқ ёки савдога тўсиқ бўлаётган айрим муаммолар деярли ечилди. Ўзбекистоннинг Тожикистон муносабатлари Марказий Осиё минтақавий сиёсатининг бир ажралмас қисми ҳисобланади, шунингдек, Марказий Осиёдаги халқаро муносабатларда Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлиги ҳам муҳим ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Президент Имомали Раҳмон, президент Шавкат Мирзиёев халқаро минбарларда, БМТ сессияларида ва бошқа халқаро тузилмаларда ҳам минтақа манфаатларини илгари суришяпти. Ўйлайманки, узоқ йиллар мобайнида ҳал қилинмаган қатор вазифалар бугун амалга ошмоқда. Буни жамоатчилик ҳам, бизнес вакиллари ҳам тушуниб етмоқда. Президентлар бу вазифани тўлиқ англаган ҳолда, истиқболли бир қатор мақсадларни илгари суришда. Томонлар ўртасидаги ва умуман Марказий Осиёдаги барқарорлик, барқарор тараққиёт, савдо-саноат, транспорт, логистика имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади деб ўйлаймиз.

 Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида охирги йилларда савдо ҳажми 40 фоизга ошди, бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқалари ҳажмини 2 миллиардга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди ва бунга эришиш мумкин. Мамлакатлар иқтисодиётлари бир бирини тўлдириши мумкин, шу жумладан, икки томонлама айирбошлашда Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти 80 фоизни, импорт 20 фоизни ташкил қилади. Тожикистон томони учун экспортни кўпайтириш имконияти мавжуд, чунки шундай салоҳият бор. Туризм соҳасида, маданият, илм-фан соҳасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича ёки  савдо тижорат ривожлантириш, саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича, юқори технологиялар, нефт газ қазиб чиқариш, айрим  оғир саноат тармоқларини ривожлантиришда ҳам мамлакатларнинг потенциали юқори экани охирги учрашувларда баҳоланмоқда. Ўйлаймизки, буни рўёбга чиқариш имкониятлари мавжуд.

— Ўзи қайси соҳаларни қамраб олади Ўзбекистон–Тожикистон савдо алоқалари? Умуман, муносабатлар қайси соҳаларга асосланади?

— Ўзбекистон–Тожикистон муносабатларининг муҳим йўналишлари сифатида биринчи навбатда бу мамлакатларнинг сиёсий ҳамкорлиги, халқаро ва минтақавий масалалар бўйича бирдамлиги. Чунки мулоқотлар бу халқаро ҳамкорликни ва ташқи сиёсий жараёнларни мувофиқлаштиришни тақозо этмоқда.

 Бундан ташқари, дунёдаги геоиқтисодий вазият, Украина ва Ғазодаги шу оғир вазиятдан кейин ўрта ва кичик мамлакатлар сифатида Тожикистон ва Ўзбекистон минтақавий ички имкониятлардан тўғри, унумли, яъни иқтисодиётни барқарорлаштиришда фойдаланмоқчи. Халқаро санкциялар четлаб ўтмаяпти, тўғридан тўғри бўлмаса-да, билвосита таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори. Шу нуқтаи назардан буни англаган ҳолда Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи импортни тўлдириш учун ҳар икки мамлакат ўзаро яъни икки томонлама салоҳиятдан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилган ва буни амалга ошириш мумкин. Бу биринчи навбатда саноат кооперацияси, логистика, савдо йўналишлари ёки илм-фан, техника, металлургия, фармацевтика, туризм, маданият каби соҳалар. Трансафғон йўналишида Ўзбекистонни дунё океанига чиқишда ҳам Тожикистон имкониятлардан фойдаланиш мумкин ёки Хитой орқали чиқишда.

Эксперт сифатида бунга ижобий қарайман. Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги нафақат икки мамлакатлар учун, балки минтақадаги бошқа қўшни ўлкалар учун ҳам намуна бўлади, чунки деярли ҳал қилинмаган чегара муаммолари қолмади. Шу нуқтаи назардан бошқа қатор масалалар бор, масалан, Афғонистон масаласи бор, минтақа хавфсизлиги билан боғлиқ ва минтақалараро логистика имкониятлар. Бу нарсалар бор имкониятларни ишга солишни тақозо этади. Бунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида, шунингдек, бошқа Марказий Осиё республикалари етакчилари даражасидаги маслаҳат учрашувлари ҳам муҳим бир формат ҳисобланади. Томонлар бир-бирини ҳам минтақавий даражада, ҳам глобал даражада қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу, албатта, ўзининг ижобий натижасини беради.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ўзаро савдо айирбошлашда биринчи навбатда Тожикистон томони Ўзбекистондан саноат маҳсулотларини кўпроқ импорт қилади. Савдо соҳасида биздан ҳаб сифатида фойдаланади. Ўзбекистон айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиши мумкин ёки кундалик эҳтиёж маҳсулотларини олиши мумкин. Буни кенгайтириш имконияти мавжуд. Қатор келишувлар имзоланди, 28 та ҳужжат деяпмиз. Бу янада  фойдаланилмаган имкониятларини рўёбга чиқаришни таъминлайди деб ўйлайман.

— Олий даражадаги учрашувларда қандай масалалар муҳокама қилинди?

— Жуда кенг қамровли ҳамкорликка олиб келадиган жами 28 та ҳужжат имзоланган. Биринчи навбатда бу саноат ҳамкорлиги, саноат кооперацияси, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, биргаликда қўшма янги инновацияларга асосланган ишлаб чиқаришга эришиш. Кадрлар салоҳияти ва технология, илм-фан ютуқларидан унумли фойдаланиш масалалари, маданият, туризм, савдо ва биргаликдаги логистика масалалари. Масалан озиқ-овқат маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариб, уни хорижга экспорт қилиш мумкин. Инсон ресурсларини тўғри бошқариш ва минтақавий хавфсизлик масалалари ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Яъни идоралар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган 2024-2026 йилларга мўлжалланган йўл харитаси ишлаб чиқилди. Савдо зоналарини ташкил қилиш хам кўрилди.

 Ҳудудлар ўртасидаги саноат ҳамкорлиги ва савдо ҳамкорлиги мавжуд. Чунки бизнинг тадбиркорларимиз ўзаро бу имкониятларни кўра билади ва ҳукуматлар буни амалга ошириш учун қулай шароит яратиб беришга ҳуқуқий жиҳатдан, сиёсий жиҳатдан, сармоявий нуқтаи назарда ўзаро сиёсатини мувофиқлаштиришга келишиб олди. Бу минтақавий интеграцияни кучайтиришга ҳам, мамлакатларни ички эҳтиёжларини қондиришга ҳам хизмат қилади. Халқаро бозор деярли эгалланган, логистика тўсиқлар бор, минтақавий хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар бор ёки стандартларга нисбатан сиёсий ёндашувлар ҳам мавжуд. Қўшни мамлакатларнинг буни ҳал қилиш имкониятлари анча юқори. Чунки ҳудудлар ўртасида умумий боғлиқлик, ришталар бор, фақат биз буни кенгайтириш учун чоралар кўришимиз керак.

 Ўзбекистон делегациясининг Тожикистонга ташрифи мобайнида бу масалаларни вазирлар даражасида, турли идоралар даражасида, ҳатто ҳудудлар, ҳокимликлари ўзлари ҳал қиляпти, тўғридан тўғри  муносабат, иқтисодий савдо ёки таълим соҳасида ҳамкорликни бевосита амалга оширяпти. Бу анча юқори босқичга кўтаради ва мамлакатларнинг умумий ривожланишига ва барқарорликка хизмат қилади.

 Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига доир айрим қўшимчаларни айтиб ўтишимиз керак. Бу биринчи навбатда минтақавий ривожланиш билан боғлиқ ва минтақавий хавф-хатарлар, чақириқлар. Бу ҳам Ўзбекистон учун, ҳам Тожикистон учун. Озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика муаммолари, яшил технологиялар, минтақа хавфсизлик, чегаралар хавфсизлиги масалалари бор.

Тожикистон биламиз катта сув ресурсларига эга, лекин Тожикистоннинг инфратузилмаси ва айрим  географик жойлашуви билан боғлиқ муаммолар бор, яъни дунё океанига чиқишда ҳам минтақавий ёпиқлиги ҳарактерга эга бўлган бир мамлакат. Аммо Ўзбекистон бунга катта имконият очиб бериши мумкин. Ўзбекистон учун ҳам муҳим бу. Чунки биз Марказий Осиё ўртасида жойлашганмиз, Ўзбекистон учун Марказий Осиёдаги барча давлатлардаги вазият барқарор бўлиши муҳим. Стратегик  қарорлар қабул қилинаётгани  энергетика, озиқ-овқат масалалари бўйича катта имкониятлар очиб беради. Масалан, биргаликда айрим муаммоларни, сув муаммооарини ҳал қилиш мумкин. Яъни ўзаро мувофиқлаштириш жараёнида бунга эришса бўлади. Айрим муҳим муаммолар минтақавий ҳамкорликка боғлиқ, яъни битта мамлакатнинг қўлидан келмайди. Масалан, Афғонистондаги  Қўштепа канали ёки бошқа муаммолар бор: логистика, чегара хавфсизлиги.

Бундай жараёнларда  мамлакатлар айнан минтақавий манфаатларни илгари сурган ҳолда ўзаро стратегик қарор қабул қилиши керак. Биргаликдаги умумий коллектив қарори ҳал қилувчи рол ўйнайди ва бу мамлакатларимизнинг  умумий тараққиётига хизмат қилади деб ишонамиз.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид