Полша Киевга ҳарбий хизматга мажбур бўлган эркакларни қайтаришда ёрдам беришга тайёр
«Украина ҳукумати янги аскарларни фронтга жўнатиш учун ҳамма нарсани қилмоқда, чунки эҳтиёжлар жуда катта», деди Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш.
Варшава ҳукумати Украинага Россиянинг кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан кейин Полшага келган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқароларини қайтаришда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда 24 апрел, чоршанба куни Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш Polsat News телеканалида айтиб ўтди.
Агар Киев паспорт муддати тугаганидан кейин Полшада қолиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин бўлганларни ватанига қайтаришга ёрдам беришни сўраса, Полша расмийлари қандай муносабатда бўлади, деган саволга у: «Ҳар қандай ёрдам бериш эҳтимоли бор», деб жавоб берди. Полша Мудофаа вазирлиги раҳбари Варшава узоқ вақтдан бери Киевга ҳарбий хизматга мажбур ва Украинага қайтиши керак бўлган фуқароларни аниқлашда ёрдам таклиф қилган, дея эслатди. У бу украиналик эркакларнинг «фуқаролик бурчи» эканлигини таъкидлади. Бу муаммони ҳал қилишда Киевга ёрдам беришнинг ўзига хос шакли «кўп жиҳатдан Украина томонига боғлиқ», дея қўшимча қилди вазир.
Чақирув ёшидаги украиналиклар учун консуллик хизматларини чеклаш
23 апрелдан бошлаб Украина Ташқи ишлар вазирлиги 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркак фуқаролари учун хорижий консулликларда ҳужжатларни расмийлаштиришни тўхтатди. Шунингдек, чақирув ёшидаги украиналикларга чет эл паспортлари берилмаслиги маълум қилинди. Бу сафарбарлик тўғрисидаги янги қонун ва Киевнинг армия сонини ошириш истаги билан боғлиқ.
«Украина ташқи ишлар вазирининг бундай қарорга келганидан ҳайрон эмасман, чунки Украина ҳукумати янги аскарларни фронтга жўнатиш учун ҳамма нарсани қилмоқда», - дея изоҳ берди Полша мудофаа вазири. «Ўйлайманки, кўплаб ватандошларимиз украиналик йигитларни кафеларда кўриб, Украинага ёрдам бериш қанчалар қимматга тушаётганини эшитиб, ҳайратда қолди», деди у.
«Фронтдаги украиналикларнинг дунё бўйлаб тарқалиб кетган ватандошларига қарши ҳақли даъволари мени ажаблантирмайди», деб қўшимча қилди Владислав Косиняк-Камиш.
ЕИдаги украиналик эркаклар
Украина Ташқи ишлар вазирлиги 24 апрел куни чақирув ёшидаги эркакларга консуллик хизматлари кўрсатиш тўхтатилганини эълон қилганидан сўнг, Киев қароридан ғазабланган юзлаб украиналиклар Варшавада ёпиқ паспорт идораси олдига тўпланди.
Германия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Максимилиан Кал 24 апрел куни DW телеканалининг Киев қарори эҳтимолий оқибатлари ҳақидаги саволига жавоб берар экан, шундай деди: «Ишончим комилки, бу Украинадан ҳимояга муҳтож қочқинлар мақомига таъсир қилмайди. Бундай қочқинлар орасида мутлақ кўпчиликни ташкил этувчи аёллар ёки эркаклар ҳақида гап кетаётганидан қатъи назар».
Брюссел ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил бошида Европа Иттифоқи мамлакатларида 4,3 миллионга яқин Украина фуқаролари бўлган, улардан 860 мингга яқини - эркаклар.
Мавзуга оид
11:10
Бербок: ГФР Украинага қишки ёрдам учун яна 200 млн евро ўтказади
23:56 / 04.11.2024
Полшада радиостанция журналистларни ишдан бўшатиб, сунъий интеллектдан фойдаланишга ўтди. Бу жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди
14:50 / 04.11.2024
Зеленский: Украина ҳали ҳам Полшадан МиГни кутмоқда
14:10 / 04.11.2024