Жамият | 13:11 / 30.04.2024
7354
10 дақиқада ўқилади

Интернет-қароқчилик. Бу учун қандай жавобгарлик бор?

Қирғизистонлик режиссёр Руслан Акуннинг «Жаннат оналар оёғи остида» фильми ҳали премьераси тугамай туриб, ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. Бу эса жамоатчилик орасида кескин эътирозларга сабаб бўляпти. Ҳуқуқшунос Муроджон Нажмиддиновнинг тушунтиришича, муаллиф рухсати олинмай тарқатилаётган фильм ҳаволасини шахсий хабарда улашиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.

Фото Steve Marcus / Reuters

Фильмни тарқатиш қай даражада қонуний? Агар кишилар бир-бирига шахсий хабарлар орқали жўнатишса-чи? Фильмни рухсатсиз тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор ва уни кино ижодкорларнинг аризасисиз ҳам қўллаш мумкинми? Ҳуқуқшунос Муроджон Нажмиддиновнинг hudud24.uz сайтида эълон қилинган мақоласида шу саволларга батафсил жавоб берилди.

Фильмни тарқатиш қай даражада қонуний? Агар кишилар ҳаволасини бир-бирига шахсий хабарлар орқали жўнатишса-чи?

Таъкидлаш лозимки, фильмлар муаллифлик ҳуқуқи объекти бўлиб, ҳам миллий қонунчилик, ҳам халқаро қонунчилик билан ҳимоя қилинади.

Жумладан, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунга асосан муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга. Муаллифнинг мутлақ ҳуқуқлари асардан бевосита ўзи фойдаланиши ёки фойдаланиш учун бошқаларга рухсат беришини англатади. Шу жумладан, фильмни тарқатиш ҳуқуқини ҳам.

Шунингдек, муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Асардан фойдаланаётган даромад олишни мақсад қилганми ёки йўқ, барибир асардан фойдаланган ҳисобланади.

Шундан кўра, фильмни исталган шаклда ва жойда тарқатиш учун ҳуқуқ эгасидан (муаллифлик, муаллифлик ҳуқуқини бошқарувчи ташкилот ёки муаллифлик шартномасини тузган тарафдан) рухсат олиниши шарт. Бу талаб фақатгина блогерлар, стриминг платформалари ва телеканалларгагина эмас, балки барчага тааллуқли. Масалан, Телеграм тармоғида каналлардан бирида фильм тарқалди. Бу ўрнида фақатгина уни жойлаган канал эгаси эмас, балки танишингизга шахсий хабарлар орқали улашган сиз ҳам жавобгар бўласиз.

Бунда фильм қай мақсадда тарқатилганлиги, тарқатиш учун розилик олиниши лозимлигидан хабарсиз эканликнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ – ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун бузилади.

«Интернет-қароқчи»ларни жавобгарликка тортиш учун муаллиф аризаси шартми?

Жавоб – йўқ. Ҳуқуқ эгаси аризасисиз ҳам Интернет-қароқчиларни жавобгарликка тортиш мумкин. Фақат маълум талаб ва шартлар билан.

Масалан, биринчи ҳолатда, фильм тадбиркорлик субъекти ҳисобланган телеканал томонидан Интернет тармоғидаги саҳифаларига жойланди. Айтайлик, ҳали фильм премьераси тугамаган. Ва бу ҳолатдан барча хабар топди, шу жумладан, ваколатли органлар ҳам. Шунга қарамай улар телеканал мансабдор шахсини тўғридан тўғри жавобгарликка тортолмайди. Бу ўринда инобатга олиниши лозим бўлган юридик меъёрлар мавжуд.

Жумладан, қонун бўйича муаллифлик шартномаси орқали фильмни тарқатишга бўлган ҳуқуқларни бошқага ўтказиш мумкин. Шу боис, телеканал жавобгарликка тортишдан олдин унинг фильмни тарқатиш учун ҳуқуқ эгасидан розилик олган ёки олмаганлигини аниқлаш лозим. Аммо бу кўп ҳам осон иш эмас. Бунинг учун дастлаб тадбиркорлик субъектини текшириш керак. Текшириш эса фақатгина Бизнес Омбудсман билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Акс ҳолда бу ноқонуний ҳисобланади.

Бизнес Омбудсман тадбиркор субъектлари фаолиятини текшириш учун ҳар доим ҳам рухсат бермаслиги мумкин. Таъкидлаш лозимки, ҳуқуқ эгасининг аризаси рухсат олишни анча енгиллаштиради ва ваколатли органга текширишни асослантиришга ёрдам беради. Шундан сўнггина жавобгарлик масаласи ҳал қилинади.

Иккинчи ҳолатда, фильм блогер, канал эгаси, умуман исталган киши томонидан тарқатилди. Бунда вазият анча енгилроқ. Ваколатли орган фильмни тарқатганларга нисбатан маъмурий иш қўзғатиши ва уни кўриб чиқиш учун судга ошириши мумкин.

Муаллифлик ҳуқуқини бузганлар учун қонунларда қандай жавобгарлик бор?

Фильмни рухсатсиз тарқатиш маъмурий ва фуқаровий жавобгарликка сабаб бўлади. Жумладан, МЖТКнинг 177-1-моддасига асосан асарлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, шу жумладан, тарқатиш фуқароларга БМҲнинг 10, мансабдор шахсларга эса 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Таъкидлаш лозимки, жазо чоралари жуда юмшоқ бўлиб, муаллифлик етиши мумкин бўлган зарар ҳажмига мутаносиб эмас. Масалан, «Жаннат оналар оёғи остида» фильми Ўзбекистон кинотеатрларидаги намойиши билан 1 ҳафтада 1,3 млрд сўм йиғишга муваффақ бўлди (бир киши учун ўртача билет нархи 90 минг сўм). Унга қадар Қозоғистон кинотеатрларида ҳам қўйилиб, 2 ҳафтада 2,24 млн доллар маблағга эга бўлган. Фильм файлининг Интернет тармоғида тарқалиши кинотеатрларга тушувчилар сонини камайтирмай қолмайди. Бу ҳолатда фильмни тарқатган киши учун максимал жавобгарлик эса 3,4 млн сўм.

Яна шуни ҳам, айтиш керакки, жавобгарлик фақат маъмурий жавобгарлик билан чекланган, интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик диспозицияси жуда тор бўлиб, фильм тарқатишни қамраб олмайди. Таъкидлаш лозимки, Жаҳон савдо ташкилотининг интеллектуал мулк масалаларини тартибга солувчи ТРИПС битими ҳеч бўлмаганда муаллифлик ҳуқуқини тижорат мақсадларида бузиш учун жиноий процедуралар ва жарима қўллашни кўриб чиқишни талаб қилади.

Жиноий жавобгарлик бўлмаса-да, муаллифлик ҳуқуқини бузиш учун фуқаровий жавобгарлик ҳам белгиланган. Аммо бунинг учун ҳуқуқ эгаси аризаси бўлиши шарт, ваколатли орган мустақил қўллай олмайди.

Муаллифлик ҳуқуқи эгаси ҳуқуқбузардан қуйидагиларни талаб қилиши мумкин:

  • филмга нисбатан унинг ҳуқуқларини тан олишни;
  • филмни тарқатишни тўхтатишни;
  • ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплашни. Агар ҳуқуқбузар даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплашни;
  • зарар етказилиши фактидан қатъи назар, БМҲнинг 1000 бараваригача товонни тўлашни.

Маъмурий жаримадан фуқаролик товоннинг фарқи шундаки, жарима давлатга тўланади, товон эса ҳуқуқ эгасига. Аммо бу ерда ҳам барчаси «силлиқ эмас». Товоннинг максимал миқдори чекланган. Юқорида келтирилгандек, фильм Ўзбекистон кинотеатрларидаги намойиши билан 1 ҳафтада 1,3 млрд сўм келтирган. Товоннинг максимал миқдори эса 340 млн сўм.

Албатта, товоннинг максимал миқдорини белгилашда ҳам маълум мақсадлар кўзланган. Жумладан, интеллектуал мулк ҳуқуқининг бузилиш даражасини, қийматини аниқлаш методикаси йўқлиги учун судлар томондан жуда кам миқдорда товон белгиланиб келинган. Товоннинг максимал миқдори белгиланиши эса судларга шуни асос қилиб, БМҲнинг 1000 бараварига компенсация белгилаш имконини беради.

Аммо товоннинг ушбу миқдори ҳуқуқ эгаларининг мулкий манфаатларини чеклайди. Бу ўринда шуни таклиф қилиш мумкинки, интеллектуал мулк ҳуқуқининг бузилиш даражасини, қийматини аниқлаш методикасини ишлаб чиқиб, товоннинг максимал миқдорига қўйилган чекловни олиб ташлаш лозим.

 «Қанча кўп одам кўрса, шунча яхши»

Таъкидлаш лозимки, аҳолида интеллектуал мулкка нисбатан қарашлар анчагина юмшоқ. Унинг муаллиф розилигисиз тарқалиши одатий ва табиий қабул қилинади. Агарда кимдир ҳуқуқларини талаб қилса, унинг бу иши аксарият томонидан яхши кутиб олинмайди.

Масалан, муаллифлик ҳуқуқи ҳақида гап кетса, «қанча кўп одам кўрса, шунча яхши», «аслида текинга реклама қилиб берганлиги учун муаллиф раҳмат айтиши керак» сингари аргументлар тез-тез қулоққа чалинади. Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари мулкнинг бошқа шакллари билан тенг кўрилмайди, чунки уни «қўлга ушлаб бўлмайди».

Сабаби, ёшлигимиз Интернет-қароқчилик асрида ўтди. Кино, сериал ва қўшиқларни ноқонуний кўпайтирилган видео кассеталар, DVD дисклар орқали томоша қилар эдик, тинглардик. Бу пайтда аксариятимизда муаллифлик ҳуқуқи ҳақида тушунча ҳам бўлмаган, ҳеч қаерда эшитмаганмиз ҳам. Бундан ташқари, ҳозирги кундаги сингари пул тўлаб кўриш мумкин бўлган стриминг платформалари ҳам бўлмаган.

Аммо стриминг хизматлари ривожланган ҳозирги даврда ҳам фильм сериалларни қароқчи веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалардан кўрувчилар сони кам эмас. Уларнинг аксарияти бунга сабаб сифатида стриминг хизматлари учун обуналар қимматлиги, Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи камлигини кўрсатишади.

Хўш, стриминг хизматлари учун тўлов қай даражада қиммат? Буни мисолларда кўриб чиқамиз. Allplay’да энг қиммат таърифдаги бир ойлик обуна нархи 30 000 сўм, Кинопоиск иловасида Яндекс Плюс обунаси доирасида 9999 сўм. Кино ва сериаллар бўйича стриминг хизматлари ичида обуна нархи қимматларидан бири бўлган Netflixʼда обуна Ўзбекистон учун таърифга қараб, 6,9 евродан 11,9 еврогача. Таққослаб айтганда, энг қиммат обуна ҳам 2-3 та тушликнинг пули.

Шунга қарамай, рўзғордан орттириб, стриминг платформалар учун пул ажратиш айрим кишилар учун бироз молиявий қийинчиликлар туғдириши мумкин. Хўш, бундай ҳолат фильмларни «қароқчилик» орқали кўришни оқлайдими? Жавоб – йўқ.

Биринчидан, фильм кўриш бу – маънавий эҳтиёж. Киши кино кўрмаса ўлиб қолмайди, у бирламчи ҳаётий зарурат эмас.

Иккинчидан, муаллифлик ҳуқуқини бузиш худди мулкнинг бошқа шаклларини ўғирлаш сингари қонунни бузиш ҳисобланади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш комплекс жараён бўлиб унга фақат қонунларни кучайтириш билан эришиб бўлмайди. Биринчи навбатда, интеллектуал мулкка нисбатан ҳурматни қадрият даражасига кўтариш ҳамда муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳолатларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш орқали жазо чораларидан кўра кўпроқ натижага эришиш мумкин.

Мавзуга оид