Жаҳон | 07:48 / 01.05.2024
3048
2 дақиқада ўқилади

МАР суди собиқ президентни ҳибсга олишга ордер берди

Франсуа Бозизенинг инсониятга қарши жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Франсуа Бозизе Фото: Florent Vergenes/AFP

Марказий Африка Республикаси (МАР) махсус жиноий суди (CPS) мамлакатнинг собиқ президенти Франсуа Бозизени ҳибсга олишга халқаро ордер берди. Бу ҳақда 30 апрел, сешанба куни AFP хабар бермоқда. Бозизенинг инсониятга қарши жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Бозизенинг президент гвардияси 2009-2013 йиллар оралиғида Босембеле шаҳридаги қамоқхона ва ҳарбий ўқув марказида ушбу жиноятларни содир этгани тахмин қилинади. Суд баёнотида айтилишича, Бозизега қарши унинг «жиноий жавобгарлигини» тасдиқловчи «жиддий ва изчил далиллар» мавжуд. 

Махсус жиноий суд Марказий Африка Республикаси судялари ва халқаро судялардан иборат. Уларнинг вазифаларига 2003 йилда Бозизе давлат тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига келганидан бери МАРда содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларни тергов қилиш ва судга тортиш киради. У 2013 йилгача, «Селека» гуруҳи томонидан ағдарилганига қадар президентлик қилган. 2023 йилнинг мартигача 77 ёшли президент Чадда сургунда яшаб, кейинчалик у ердан Гвинея-Бисауга жўнаб кетди. 

МАРда кўп қатламли можаро

Марказий Африка Республикаси БМТ томонидан дунёнинг энг кам ривожланган давлатлари рўйхатига киритилган. Мамлакатда 2012 йилдаги фуқаролар урушидан бери кўп қатламли можаро авж олди. МАР исёнчи гуруҳларнинг зўравонлиги ва ресурслар, жумладан, олмослар учун жанглардан жиддий зарар кўради.

Мавзуга оид