Ўзбекистон | 17:51 / 03.05.2024
2849
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда тўқайзорни ёққан шахс табиатга 460 миллион сўм зарар етказгани аниқланди

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Қорахитой қишлоғидаги тўқайзорда 775 та дарахт ва буталар ёқиб юборилган. Экология бошқармаси ерни давлатга қайтариш бўйича прокуратурага сўровнома киритган.

Фото: Telegram / Ekolog.uz

26 апрел куни Ekologuz Telegram каналида Тошкент вилояти Оҳангарон туманида номаълум шахс 1500 га яқин мевали ва манзарали дарахтни ёқиб юборгани ҳақида хабар тарқалган эди. Оҳангарон туман Экология бошқармаси Kun.uz’га Қорахитой қишлоғидаги тўқайзорнинг ёниб кетган қисми ўрганиб чиқилганини маълум қилди. Бошқарма бош мутахассиси Холтожиев Бобурга кўра, тўқайзорда 775 та ҳар хил турдаги бутасимон дарахтларга зиён етказилган.

Ёниб кетган дарахтлар балки бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Тўқайзор бўлгани учун ичкарига кириш қийин, баъзи жойи сув ёки ботқоқдан иборат бўлгани учун киришнинг иложи йўқ”, – деди Бобур Холтожиев.

Бошқарма етказилган зарарни 459 миллион 652 минг сўм деб баҳолаган. Экология бошқармаси тўплаган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Олдинроқ, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани матбуот хизмати, ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилгани ва ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилганини маълум қилган эди. Шунингдек, тўқайзор муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киришини билдирган эди.  Холтожиев ҳам буни тасдиқлади ва ерни аукциондан олиб, уни муҳофаза ҳудудига қайтариш ва эгалик ҳуқуқлари бекор қилиш бўйича прокуратурага сўровнома киритилганини маълум қилди. 

Мавзуга оид