Ўзбекистон | 18:49 / 03.05.2024
4845
3 дақиқада ўқилади

Президент АҚШ, Хитой ва Европанинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди 

Учрашувларда инвестициявий ва инновациявий шериклик, «яшил» энергетикани ривожлантириш, сув таъминоти, фуқаролик авиацияси, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни Кўксарой қароргоҳида учинчи Тошкент инвестиция форуми доирасида АҚШ, Хитой ва Европанинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. 

Жумладан, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда «Air Products», «CNH Industrial» ва «Silverleaf» компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди. 

Америка тадбиркорларининг Ўзбекистондаги фаолиятни кенгайтириш, молиявий инструмент ва механизмларни ривожлантириш борасидаги илғор тажрибани жорий этиш ҳамда турли тармоқларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режалари муҳокама қилинди. 

Жорий йилда Тошкент шаҳрида АҚШнинг пешқадам компания ва банклари иштирокида бизнес форумини ўтказиш юзасидан келишувга эришилди. 

Шунингдек, Хитойнинг «CAMCE» корпорацияси раиси Ван Бо билан Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилиши ҳамда энергетика, саноат ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар портфелини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. 

«Goldwind» компанияси раиси Цао Чжиган билан Ўзбекистонда «яшил» энергетикани ривожлантиришдаги иштироки истиқболлари кўриб чиқилди. Компания шамол энергетикаси технологияларини ишлаб чиқишга ихтисослашган. Шамол электр станциялари қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва жорий лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди. 

«China Southern Power Grid» билан Бухоро вилоятида шамол электр станциялари, бутун мамлакат бўйлаб гидроаккумуляция станциялари ва юқори кучланишли линиялар қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистонда электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш бўйича «Holley Group» компанияси муваффақиятли ишлаётгани қайд этилди. Тошкент вилоятида технопарк қуриш ва унга Хитойнинг йирик компанияларини жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди. 

Шунингдек, «Suez» компанияси раиси ва бош директори Сабрина Суссан, «Arsenale Group» компанияси бош директори Паоло Барлетта, «Airbus» корпорациясининг Европа бўйича президенти Йохан Пелисйе ҳамда «Linde» компаниясининг Европа ва Яқин Шарқ бўйича президенти Оливер Пфанн билан учрашув ўтказилди.

Инвестициявий ва инновациявий шериклик, сув таъминоти, фуқаролик авиацияси, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мавзуга оид