Жаҳон | 07:30 / 07.05.2024
4895
3 дақиқада ўқилади

Владимир Кара-Мурза Пулицер мукофоти совриндорига айланди

Россиялик мухолифатчи ва публицист The Washington Post газетасида Россиядаги сиёсий ҳаёт ҳақида шарҳлари учун нуфузли журналистик мукофот билан тақдирланди.

Фото: Maxim Grigoryev/TASS/dpa/picture alliance

Россия Федерациясида «давлатга хиёнат», «номақбул» ташкилот билан ҳамкорлик қилиш ва армия ҳақидаги «фейклар» айбловлар билан 25 йилга қамалган россиялик публицист ва мухолифатчи сиёсатчи Владимир Кара-Мурза Пулицер мукофоти лауреати бўлди. Бу ҳақда 6 май, душанба куни мукофот сайтида маълум қилинди

Таъкидланишича, Владимир Кара-Мурза The Washington Post газетасининг 2023 йил январидан октябригача чоп этилган «Фикрлар» бўлимидаги бир нечта нашрлари учун «Изоҳ» номинациясида энг яхши деб топилган. Бу мулоҳазалар Россиянинг Украинага қарши уруши, мухолифатчи Алексей Навалний, Россиядаги сиёсий ўзгаришлар эҳтимоли ва бошқа долзарб мавзуларга бағишланган. 

Россияда Владимир Кара-Мурзанинг таъқиб этилиши 

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, 2023 йил апрелида Владимир Кара-Мурзага чиқарилган 25 йиллик қамоқ жазоси «Путин танқид қилингани учун тайинланган энг узун қамоқ муддати»дир. 

Ҳукм чиқарилгунга қадар сиёсатчи бир йилни ҳибсда ўтказган, гарчи ҳимоя уни соғлиғи сабабли тергов изоляторида ушлаб туриш мумкин эмаслигини таъкидлаган. 

2024 йил 30 январда Кара-Мурза Омск шаҳридаги 7-сонли ахлоқ тузатиш колониясининг (ИК-7) бир камерали типидаги хонасига ўтказилди. Унда ҳибсда сақлаш шартлари энг қаттиқ ҳисобланади. Мухолифатчи оиласи ва адвокатларининг таъкидлашича, у Россия махсус хизматлари гумон қилаётган икки марта заҳарлашга уриниш туфайли полинейропатиядан азият чекмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Владимир Кара-Мурзани сиёсий маҳбус сифатида тан олди. АҚШ Конгресси аъзолари Оқ уйни россиялик сиёсатчини «ноқонуний ҳибсга олинганлар» рўйхатига киритишга чақирди. 

2024 йил 19 апрелда «Первый отдел» инсон ҳуқуқлари бўйича лойиҳаси маҳбуснинг рафиқаси Евгения Кара-Мурзага таяниб, унинг эри Омскдан Москвага Олий суд мажлисида иштирок этиш учун ўз хоҳишига қарши олиб кетилиши ҳақида хабар берди. Евгения Кара-Мурзанинг сўзларига кўра, бир неча ой давом этиши мумкин бўлган Москвага мажбуран кўчирилиш яқинлари Владимир билан алоқани йўқотишини англатади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид