«Демографик қиш» яқинлашмоқда - дунёда туғилиш кўрсаткичлари пасайди
Дунё мамлакатларида туғилиш кўрсаткичлари тез пасайиб бормоқда, бу иқтисодий, ижтимоий ва геосиёсий оқибатларга олиб келади.
Дунё ҳайратланарли демографик босқичда. Тез орада дунё миқёсида туғилиш даражаси доимий аҳоли сонини ушлаб туриш учун зарур бўлган даражадан пастга тушади. Туғилиш кўрсаткичлари деярли ҳамма жойда пасайиб бормоқда. Туғилиш даражасининг пасайиши одамларнинг турмуш тарзи, иқтисодиётнинг ўсиши ва дунёдаги қудратли давлатларининг мавқеи учун жиддий оқибатларга олиб келади. Бу ҳақда The Wall Street Journal мақоласида айтилади.
Қайд этилишича, юқори даромадли мамлакатларда туғилиш даражаси 1970-йиллардагидан ҳам пастга тушиб кетган ва пандемия даврида янада пасайган. Ривожланаётган мамлакатларда ҳам туғилиш даражаси пасаймоқда. Ҳиндистон ўтган йили Хитойни ортда қолдириб, дунёнинг энг кўп аҳолиси бўлган мамлакатига айланди, аммо унда ҳам туғилиш даражаси пасайиб боряпти.
АҚШ Пенсилвания университетида демография бўйича ихтисослашган иқтисодчи Хесус Фернандес-Виллаверде сўзларига кўра, дунё «Демографик қиш» остонасида турибди.
Кўпгина расмийлар бу масалани долзарб миллий муаммо деб билишади. Улар ишчи кучининг қисқариши, иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши ва пенсиялар учун етарли маблағ тўпланмаётгани, шунингдек, кам сонли болаларга эга жамиятнинг келажагидан хавотирда. Аҳоли сонининг камайиши глобал таъсирнинг пасайишига олиб келади ва бу АҚШ, Хитой ва Россиянинг узоқ муддатли қудратли давлат сифатидаги мавқеини шубҳа остига қўяди.
Журналистларнинг фикрича, баъзи демографлар дунё аҳолиси қирқ йил ичида қисқариши мумкин, деб ҳисоблашади - бу тарихда камдан-кам учрайдиган ҳолатлардан бири. Ҳукуматлар пасайишни тўхтатиш учун дастурларни ишга туширган, аммо ҳозирча улар муваффақиятга эриша олмади.
2017 йилда дунё бўйлаб туғилиш коэффициенти (аёлнинг ҳаёти давомида қанча фарзанд кўриши кутилаётган кўрсаткич) 2,5 ни ташкил этди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2020-йилларнинг охирида бу кўрсаткич 2,4 га тушишини башорат қилди. Бироқ, 2021 йилда бу кўрсаткич 2,3 га тушди - демографларнинг фикрига кўра, дунё аҳолиси сони ўзгармай туриши учун коэффициент 2,2 атрофида сақланиб туриши лозим.
Қайд қилинишича, ўтган йили Хитойда 9 миллион бола туғилган, бу БМТ башоратидан 16 фоизга кам. Ўтган йили Қўшма Штатларда 3,59 миллион чақалоқ туғилди, бу БМТ башорат қилганидан 4 фоизга кам. Бошқа мамлакатларда бу кўрсаткич янада катта.
Фернандес-Виллаверде ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили дунё бўйлаб туғилиш даражаси 2,1-2,2 га тушиб кетган, унинг айтишича, бу кўрсаткич инсоният тарихида биринчи марта кузатилмоқда.
2017 йилда берилган БМТ башоратига кўра, дунё аҳолиси 2100 йилда 11,2 миллиардгача ўсади. Аммо, 2022 йилга келиб, бу кўрсаткич 2080 йилларда 10,4 миллиардга камайди. Вашингтон университети қошидаги Соғлиқни сақлаш ўлчовлари ва баҳолаш институти ҳозир у 2061 йилда 9,5 миллиард атрофида чўққига чиқишига ва кейин пасайишни бошлашига ишонмоқда.
Тарихчилар XVIII асрда саноати ривожланган мамлакатларда бошланган туғилишнинг пасайишини «демографик ўтиш» деб аташади. Ўртача умр кўриш ёши ошиши ва кўпроқ болалар балоғат ёшига етган сайин фарзанд кўришга бўлган рағбат пасайиб кетган. Муаллифларнинг ёзишича, аёлларнинг билими ошиб, меҳнаткашлар қаторига қўшилгач, турмуш қуриш ва фарзанд кўришни кечиктира бошлаган, бу эса болалар сонининг камайишига олиб келган.
Энди эса кўплаб жамият ва иқтисодиётларда туғилиш даражаси паст ёки пасаймоқда. Баъзи демографлар буни «иккинчи демографик ўтиш»нинг бир қисми сифатида кўришади - бу никоҳ ва ота-оналикка камроқ эътибор берадиган ва камроқ ёки умуман фарзандсиз бўлишни мақбул кўрадиган жамиятнинг пайдо бўлишини англатади.
Журналистларнинг фикрича, пандемиядан кейин ривожланган мамлакатларда ишчи кучи танқислиги кузатилган. Келгуси йилларда вазият янада ёмонлашади, чунки инқироздан кейин туғилиш даражасининг пасайиши ёш ишчилар оқимининг доимий равишда камайишига олиб келади, бу эса соғлиқни сақлаш ва пенсия тизимларида қўшимча босимни келтириб чиқаради. Болалари кам бўлган иқтисодда кўпайиб бораётган кекса одамлар учун пенсия ва соғлиқни сақлашни молиялаштириш қийин кечади.
Яқинда Жаҳон банкининг ҳисоботида айтилишича, демографиянинг ёмонлашуви глобал иқтисодий ўсиш учун кетма-кет иккинчи «йўқотилган ўн йиллик»га олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид
12:59 / 18.12.2024
Олимлар Марсда сув топиш эҳтимолини баҳолади
16:31 / 16.12.2024
Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди
11:15 / 12.12.2024
Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида 530 дан ортиқ фуқаросини Яқин Шарқдан қайтарди
18:38 / 11.12.2024