Жаҳон | 23:30 / 15.05.2024
6953
3 дақиқада ўқилади

Словакия бош вазири Роберт Фицога 71 ёшли ёзувчи ўқ узган — ОАВ 

Юрай Цинтула Левица шаҳрида яшайди ва адабиёт клубига асос солган. Унинг нима учун сиёсатчига суиқасд қилгани номаълум. 

Фото: Aktuality.sk

Словакия бош вазири Роберт Фицонинг ҳаётига суиқасд маҳаллий ёзувчи Юрай Цинтула томонидан содир этилган, деб хабар берди TV Markiza. Эркак полиция томонидан воқеа жойида қўлга олинган. Ҳужумчининг шахси расман тасдиқланмаган, унинг нима сабабдан ўқ узгани ҳам номаълум. 

Цинтула 71 ёшда, у Левица шаҳрида яшайди ва адабиёт клубига асос солган. 2015 йилдан Словакия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, учта шеърий тўплами ва иккита насрий китоби нашр этилган. 

Аввалроқ ОАВ Фицони отган эркакда қонуний рўйхатдан ўтган қурол борлиги ва ундан ўқ узгани ҳақида хабар берган эди. Словакия бош вазирининг суиқасддан сўнг аҳволи оғир, унинг ҳаётига таҳдид бор, деб хабар берди мамлакат ҳукумати. 

Фицога ҳужум Гандлова шаҳрида Словакия ҳукумати йиғилиши ўтказилган Маданият уйи олдида содир бўлди. Standard нашри хабарига кўра, бош вазир бино ташқарисида тўпланган оломон орасидан ўтаётганда бир киши унга исм-шарифини айтиб мурожаат қилган, сўнг тўппончани чиқариб, яқин масофадан беш марта ўқ узган. Фицога учта ўқ тегди – иккитаси ошқозонга, бири елкасига. Полиция зудлик билан ҳужумчини қўлга олган. 

ТА3 телеканалининг хабар беришича, Фицо операция қилинган, унинг аҳволи барқарор. 

Роберт Фицо 2023 йил октябр ойида Словакия бош вазири лавозимини эгаллади. Оммавий ахборот воситалари Фицони россияпараст сиёсатчи деб атайди. Хусусан, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг икки йиллиги муносабати билан қилган нутқида у Донбассдаги уруш «украиналик неонацистларнинг авж олгани» туфайли бошланганини ва «Россия президентининг бошқа чораси бўлмаганини» айтди. НАТО шарққа томон кенгайганида, «Путин бу жараённи тўхтатиш учун кенг кўламли урушни бошлади», деб ҳисоблайди Фицо. 

У, шунингдек, Украинани «энг коррупциялашган давлат» деб атади ва Европа Иттифоқининг Киевга ёрдамини блоклашини айтди. Бироқ, январ ойида Украина бош вазири Денис Шмигал билан Ужгородда бўлиб ўтган учрашувда у икки давлат ўртасидаги муносабатларда «янги прагматизм» сиёсатини бошлаш кераклигига рози бўлган эди. Фицо Брюсселда Украина Қуролли Кучларига ёрдам ажратилишига тўсқинлик қилмасликка ваъда берди ва Володимир Зеленскийнинг «тинчлик формуласини» қўллаб-қувватлади.

Мавзуга оид