Жаҳон | 12:11
1682
3 дақиқада ўқилади

9 май олдидан Эстония Фицо самолёти учун ҳаво ҳудудини ёпди

Эстония Словакия бош вазири Роберт Фицо 9 май парадида иштирок этиш учун Москвага йўл олганида, унинг самолётини ўз ҳаво ҳудуди орқали ўтказмайди. Бундан аввал худди шундай чеклов ҳақида Латвия ва Литва ҳам маълум қилган эди.

Фото: WDR

Эстония Словакия бош вазири Роберт Фицонинг 9 май муносабати билан Москвага йўл оладиган самолётини ўз ҳаво ҳудуди орқали ўтказмайди. Бу ҳақда Болтиқбўйи давлати ташқи ишлар вазири Маргус Цахкнанинг 19 апрель, якшанба куни Эстония Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотида айтилган.

“Фицо бу йил ҳам 9 май паради учун Москвага парвоз қилишда Эстония ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат олмайди. Чунки бу параднинг мақсади тажовузкорни улуғлашдан иборат. Биз буни ўтган йили ҳам тақиқлаган эдик ва ҳозир ҳам худди шу тамойил амал қилади”, — дейилади ҳужжатда.

Цахкнанинг сўзларига кўра, Россия халқаро меъёрларни менсимасдан, Украинага ва бутун Европа хавфсизлигига қарши тажовузни давом эттираётган бир пайтда, ҳеч бир давлат Эстония ҳаво ҳудудидан Россия билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.

“Эстонияда расмий ташрифлар доирасида қўниш ва парвозларга рухсат бериш бўйича ЕИ ва НАТО давлатлари учун ягона тартиб амал қилади, аммо у Эстония ҳаво ҳудудини Россияга сафарлар учун ишлатиш ҳолатларига татбиқ этилмайди”, — дея қайд этилган ТИВ сайтида.

Бундан бир кун олдин, 18 апрель куни Роберт Фицо Facebook’да эълон қилинган видеомурожаатида унинг самолёти учун Литва ва Латвия ҳам ўз ҳаво ҳудудини ёпишини айтган эди.

“Литва ва Латвия аллақачон бизга Москвага парвоз қилиш чоғида ўз ҳудуди устидан учишга рухсат бермаслигини билдирди. Хўш, ЕИга аъзо давлатлар бошқа бир ЕИ аъзоси бўлган давлат бош вазирига ўз ҳудуди устидан учишга рухсат бермайдими? Ўтган йили бўлгани каби, мен албатта бошқа йўналиш топаман”, — деди Словакия бош вазири.

2025 йилда Москвада 9 май тантаналарида 27 давлат раҳбари, жумладан Хитой, Беларусь, Куба, Венесуэла, Словакия ва Сербия етакчилари иштирок этган эди.

Ўшанда Латвия ва Литва ҳукумати ҳам Роберт Фицо ва Сербия президенти Александр Вучич самолётларининг Россия пойтахтига йўл олишида ўз ҳаво ҳудуди орқали учишига рухсат бермаган. Рига бу тақиқни “парвоз мақсадининг сиёсий жиҳатдан нозиклиги”, Вильнюс эса “техник ва дипломатик ҳолат” билан изоҳлаган. Шунингдек, Фицога Польша ҳаво ҳудуди орқали учиш ҳам тақиқланган эди.

Ўз навбатида, 2025 йилда Европа Иттифоқи расмийлари ҳам, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас таъкидлаганидек, “Европа Иттифоқига қўшилишга номзод давлатларга 9 май куни Москвадаги парадга бормаслик кераклигини аниқ тушунтирган”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид