Жаҳон | 21:01 / 16.05.2024
17920
6 дақиқада ўқилади

Украина, Ғарб ва Пушкин. Путин ва Си нималар ҳақида гаплашди?

Россия раҳбари Владимир Путин Хитойга кенг кўламли ташриф билан келди ва ХХР раиси Си Жинпинг билан кенгайтирилган таркибдаги музокараларда ҳам иштирок этди. Кун охирида улар тор доирада учрашув ўтказишади, жума куни Россия ҳукуматининг ўнлаб юқори мартабали мулозимларидан иборат делегация кўргазма ва бизнес-форумда қатнашиш учун Ҳарбин шаҳрига йўл олади.

Фото: EPA

Путин ва Си Украинадаги урушдан олдинроқ эълон қилинган «чегарасиз дўстлик»ни мустаҳкамлаш, савдони кенгайтириш, бизнес ва молияни бир-бирига яқинлаштириш ҳамда биргаликда Ғарб гегемониясига қарши туриш ниятларини тасдиқлашди.

Хитой Украинага босқин туфайли Ғарб қўллаган санкциялардан кейин Россиянинг асосий ҳамкорига айланган ва алоқалар мустаҳкамланиши нафақат йирик делегация келганида, балки қўшма баёнот матнида ҳам ўз аксини топди.

Бу матн бир йил ичида 7 минг сўзгача бойиди. Бир йил муқаддам, Си ўз инаугурациясидан кейин Путиннинг меҳмони бўлганида, уларнинг дунё тартиботи тўғрисидаги муштарак фикрлари салкам беш минг сўздан иборат бўлганди.

Қуйида Путин ва Си пайшанба куни матбуот ва дунёга қилган мурожаатларида муҳим масалалар бўйича нималар дегани келтирилади.

Украинадаги уруш

Хитой аввалбошдан Россияни босқин учун танқид қилишдан бош тортган ва Ғарбнинг Кремлга санкцияларни четлаб ўтишда ва Россия ҳарбий машинаси барқарор қолишига ёрдам беришда билдирган айбловларни рад этади.

Россия ҳам, Хитой ҳам музокаралар ва тинчликни хоҳлашини айтишади, аммо Кремлнинг музокаралардаги дастлабки позицияси «реалликни ҳисобга олиши», яъни Украина ерлари оккупация қилинганини тан олишни ўз ичига олади, буни эса Киев ва Ғарб қабул қилмайди.

Си олдинги позициясини тасдиқлади:

«Хитой ва Россия сиёсий келишувни Украина инқирозини ҳал қилишнинг тўғри йўли деб билади. Хитойнинг бу масаладаги позицияси изчил ва аниқ, яъни: БМТ Устави нормалари ва тамойилларига риоя этиш, барча мамлакатларнинг миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳамда уларнинг янги мувозанатли, самарали ва барқарор хавфсизлик архитектурасини шакклантириш учун оқилона хавфсизлик чораларини ҳурмат қилиш».

Путин ҳозирча Украина ҳақида фақат кун охирида Си билан шахсан гаплашишини айтган.

Кремл хабарига кўра, улар сарой олдидаги хиёбон бўйлаб сайр қилишади ва чойхўрлик қилишади. Путин сафар олдидан берган интервюсида Сининг Россияга ташрифи вақтида у билан қарийб беш соат мобайнида юзма-юз мулоқот қилганини айтганди.

Ғарб танқиди

Пекиндаги Халқ мажлиси уйи майдонидаги тантанали маросимда етакчилар замбараклардан баравар ўт очиш билан қаршиланди

Путин ҳам, Си ҳам АҚШ Ғарбнинг барча мамлакатларини Россия ва Хитой тараққиётини тийиб туришга мажбурламоқда, деб ҳисоблайди. Улар дунё тартиботини қайта кўриб чиқишни, дунё ишларида ривожланаётган автократик давлатларга ҳам ривожланган демократик давлатлар қатори тенг ҳуқуқ беришни ва бошқаларга қандай яшашни ўргатмасликни талаб қилади.

Пардаланган ва образли панд-насиҳатларга мойил бўлган Си бу сафар ушбу мавзуда ноодатий тарзда аниқ ва равшан гапирди.

«Бугунги кунда ҳам дунёда совуқ уруш менталитети авж олмоқда. Бир томонлама гегемонлик, блоклар қарама-қаршилиги ва кучлилар сиёсати бутун дунё ҳамда барча мамлакатлар хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид солмоқда», деган у.

Путин «Россия ва Хитойнинг кўплаб халқаро ва минтақавий масалаларга ёндашуви бир-бирига яқин ёки мос келиши»ни таъкидлаган.

«Биз нисбатан адолатли ва демократик кўп қутбли дунё тартиботини шакллантириш учун биргаликда ишламоқдамиз», деган у.

БМТ бош котибининг ўзи Россиянинг Украинага босқинини «БМТ Устав ва халқаро ҳуқуқ бузилиши» деб атаганига қарамай, у яна бир бор «БМТ ва халқаро ҳуқуқнинг марказий роли» ҳақида гапирди.

Аммо Путин БМТ Уставини Си билан қўшма баёнотида қуйидагича талқин қилган.

«Можаролар БМТ Устави асосида тўлиқ ҳал қилиниши керак», Украинадаги қуролли можаро тинчиши учун «унинг асосий сабабларини бартараф этиш ва барча мамлакатларнинг қонуний манфаатлари ва хавфсизлигини инобатга олган ҳолда хавфсизликнинг бўлинмаслиги тамойилига риоя этиш керак», дейилади ҳужжатда.

Руслар ва хитойликлар маданий жиҳатдан қандай яқинлашаётгани ҳақида

Си Жинпинг:

«Пушкин ва Толстойнинг асарлари оддий хитойликларнинг оилаларида ўқилади. Хитойнинг анъанавий маданияти Пекин операси ва тайцзицюан жанг санъати қиёфасида Россия халқи орасида катта машҳурликка эришган».

Путин шу куни Россияда Хитой маданияти йили, Хитойда Россия маданияти йили бошланиши, унинг доирасида Россиянинг 38 шаҳрида ва Хитойнинг 51 шаҳрида ярмаркалар, театр гастроллари, муз шоулари, музей кўргазмалари ва кинонамойишлар ўтказилишини маълум қилган. Шу билан бирга, маданий алоқаларнинг мустаҳкамланиши борасида ўзи учун севимли бўлган мисолни яна бир бор такрорлаган:

«Эътиборингизни феврал ойида Москвада шаҳар мэрияси кўмагида Хитой тақвими бўйича Янги йил илк бор расман нишонланганига қаратмоқчиман. Айтишим керакки, унинг ранг-баранг тадбирлари кенг миқёсда ўтказилди ва юз минглаб шаҳарликларга манзур бўлди», деган Путин.

Мавзуга оид