Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уй Киевга Россиядаги нишонларга зарба йўллашга рухсат берди
АҚШ президенти маъмурияти Украинага Россия Федерациясидаги нишонларга зарба йўллашга норасмий тарзда рухсат берди, аммо «фақат Харкив билан чегарада», деб ёзади Америка матбуоти.
АҚШ президенти маъмурияти Жо Байденнинг кўрсатмаларига биноан, Украинага Россия Федерацияси ҳудудига, аммо Россия томонидан ҳужумга учраган шаҳарни ҳимоя қилиш учун «фақат Харкив билан чегарада» Америка қуролларидан фойдаланган ҳолда зарбалар йўллашга норасмий тарзда рухсат берди. Бу ҳақда 30 май, пайшанба куни Американинг Politico нашри ва CNN телеканали хабар қилди.
Politico суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, яқинда АҚШ президенти Жо Байден ўз жамоасига «Харкивда жавоб қайтариш учун» Украинанинг Америка қуролларидан фойдаланишига қўйилган чекловларни бекор қилишни ва Украина Қуролли кучларига «зарба берган ёки бунга тайёрланаётган Россия қўшинларига жавобан ҳужум қилишига» рухсат беришни буюрган. Шу билан бирга, нашр манбасининг таъкидлашича, Украина Россия Федерациясидаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилиш учун Америка қуролидан фойдалана олмайди ёки Россия ҳудуди ичкарисидаги ҳарбий нишонларга зарба бера олмайди.
АҚШ Киевга Россия ҳужумларини қайтаришда «мослашувчанликка» рухсат берди
Россия Федерацияси май ойида Харкив вилоятида ҳужум ҳаракатларини кучайтирганидан кейин Украина АҚШдан Россиядаги ҳарбий объектларга зарба бериш бўйича чекловларни бекор қилишни сўради, деди расмий. Бунга жавобан Оқ уй Киевга рус қўшинларининг Харкив вилояти билан чегарадаги ҳужумларини қайтаришда «мослашувчанлик» кўрсатишга рухсат берди, деди Politico нашрига бошқа манба.
Нашр таъкидлаганидек, Украина эндиликда Россиядан Харкив томон отилган ракеталарни уриб тушириш, Украина ҳудудига бомба ташлаётган рус қирувчиларини йўқ қилиш, шунингдек, шимоли-шарқий чегарада тўпланган рус қўшинларига зарба бериш учун АҚШ томонидан тақдим этилган қуроллардан фойдаланиши мумкин.
WP: АҚШ Украинага Россиядаги нишонларга қарши зенит-ракета тизимларидан фойдаланишга рухсат беради
Бир кун олдин The Washington Post (WP) Қўшма Штатлар Украинага ўзига берилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан, жумладан Patriot зенит-ракета тизимларидан Украина учун таҳдид уйғотган ракеталар ҳамда қирувчиларни Россия ҳудуди узра уриб тушириш учун фойдаланишга рухсат бераётгани ҳақида хабар берди.
Чехия ва Финландия Киевга РФдаги нишонларга зарба йўллашга рухсат берди
Украина қуролли кучлари Финландиядан олинган қуроллар билан Россия ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилиши мумкин, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Элина Валтонен 29 май куни Uusi Suomi нашрига берган интервюсида. Украина Россия Федерациясига қарши мудофаа уруши олиб бормоқда ва шунинг учун Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эга, дея тушунтирди вазир. 30 май куни Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский ҳам худди шундай баёнот билан чиқди.