Жаҳон | 08:53 / 04.06.2024
8089
3 дақиқада ўқилади

Эйфел минорасидаги тобутлар: полиция хорижий изни текширмоқда

Номаълум шахслар Париж марказида «Украинадаги француз аскарлари» ёзуви бўлган бешта сохта тобутни қолдиришди. Уч киши қўлга олинган - Болгария, Германия ва Украина фуқаролари.

Фото: Видеодан кадр

Париж полицияси Эйфел минораси яқинидаги ҳодисани тергов қилмоқда, 1 июн куни номаълум шахслар унинг ёнига Франция байроқлари ва «Украинадаги француз аскарлари» ёзуви туширилган бешта тобут қўйиб кетган. AFP агентлиги ва Le Monde газетасининг 3 июн, душанба куни хабар беришича, тергов «чет эл аралашуви»нинг кучайиб бораётган белгиларини кўрсатмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан, воқеа содир бўлган куни Берлинга автобусга чиқмоқчи бўлган уч нафар эркак қўлга олинган. Улардан бири - Болгария фуқароси - қолган иккисини машинада, шунингдек, гипс билан тўлдирилган тобутларни Эйфел минорасига олиб келган. У бошқа икки гумонланувчини - 25 ёшли Германия фуқароси ва 17 ёшли Украина фуқаросини танимаслигини айтди, деб ёзади AFP. Ушбу маълумотларга кўра, сўроқ пайтида учаласи ҳам бу вазифани пул эвазига бажаришга рози бўлганликларини айтишган, ҳайдовчи 120 евро, қолган икки йигит ҳар бири 400 евро олган. 

Бошқа тергов билан алоқадорлик

Айни пайтда, AFP полициядаги манбаларга таяниб, қўлга олинганлардан бири Болгария фуқароси билан алоқада бўлганини, у бошқа иш — Париждаги Холокост ёдгорлигини таҳқирлаш бўйича тергов қилинаётганини ёзмоқда. Май ойи ўрталарида номаълум шахслар унга Фаластин тарафдорлари бирдамлик рамзи бўлган қизил бўёқни сепиб кетди. Le Monde нашрининг ёзишича, «қизил қўллар» иши бўйича гумонланувчи билан 1 июн куни сохта тобутлар иши бўйича ҳибсга олинган болгариялик 34 ёшли Георгий Ф. боғланган. 

Полиция жиноятчилар чет элга қочиб кетган деб тахмин қилмоқда, Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне эса «жамиятни беқарорлаштиришга» интилаётган «чет эллик буюртмачилар» ҳақида гапирди. Франция матбуотига кўра, тергов ушбу ҳодисага Россия махсус хизматларининг алоқадорлиги эҳтимолини кўриб чиқмоқда.

Россиянинг эҳтимолий иштироки

Le Monde таъкидлаганидек, тергов ҳозирча Эйфел минорасидаги акциянинг тахминий ташкилотчилари аниқланмаган, бироқ баъзи далиллар бунда Россия иштирок этган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. 

Франция президенти Эммануэл Макрон Украина Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга ўзига берилган қуроллар билан ҳужум қилиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини айтган биринчи Ғарб етакчиларидан бири эди. Бундан ташқари, у икки йилдан ортиқ вақт давомида Россия Федерациясининг кенг кўламли ҳарбий ҳужумидан ўзини ҳимоя қилиб келаётган Украинага Ғарб қўшинларини юбориш масаласини бир неча бор кўтарган. 

Мавзуга оид