Жаҳон | 12:12 / 11.06.2024
4563
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Осетияда Су-34 ҳарбий самолёти ҳалокатга учради

Шимолий Кавказда Россия бомбардимончи самолётининг қулаши натижасида экипаж аъзолари ҳалок бўлди, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги. Самолёт бортида икки нафар учувчи бўлган, деб ёзади ТАСС.

Фото: ТАСС

Россиянинг Су-34 ҳарбий самолёти Шимолий Осетия тоғларида ҳалокатга учради. «Самолёт одамлар йўқ ҳудудга қулаб тушган. Ерда вайронагарчиликлар йўқ. Экипаж ҳалок бўлди», — дея маълумот берди Россия Мудофаа вазирлиги 11 июн куни.

МВ: қирувчи самолёт машғулот парвозини амалга ошираётган эди

Идора маълумотларига кўра, Ҳаво-космик кучлари (ҲКК)нинг бомбардимончи самолёти «режалаштирилган ўқув парвози вақтида» ҳалокатга учраган. Ҳалокатнинг дастлабки сабаби техник носозлик экани айтилмоқда. «ҲКК комиссияси самолёт ҳалокатга учраган жойга йўл олди», дея хабар берди Мудофаа вазирлиги.

Айни вақтда, ТАСС Шимолий Осетия оператив хизматларига таяниб, Су-34 бортида икки нафар учувчи бўлгани ва ҳалокат Алагир тумани тоғларида содир бўлганини хабар қилмоқда.

Baza Telegram-канали маҳаллий аҳоли тоғларда «номаълум самолёт» қулаганини кўрганини ёзди. «Ярим тунда у Горний Дзуарикау қишлоғи яқинидаги қоя келиб урилган», — дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид