11:01 / 21.06.2024
3782

WorldSkills Russia агентлиги раҳбарлари ҳибсга олинди

Путин ташаббуси билан ташкил этилган агентлик бош директори ва аппарат бошлиғи катта ҳажмдаги фирибгарликда айбланмоқда. Уларни 10 йилгача қамоқ жазоси кутмоқда.

Фото: РИА Новости

Москванинг Замоскворецкий суди 20 июн, пайшанба куни Касблар ва малакаларни ривожлантириш агентлиги («Ворлдскиллс Россия») бош директори Роберт Уразов ва агентлик аппарати раҳбари Данир Мухаметзяновни икки ойга ҳибсга олишга қарор қилди. Улар жуда катта миқдордаги фирибгарликда айбланиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми).

Агентлик вакиллари РБК газетасига Уразовнинг ҳибсга олингани ҳақида билишини ҳамда «ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва терговга ёрдам беришга тайёрлигини» айтди. Нашр Россия ҳукуматидаги номи ошкор этилмаган манбасига таяниб, «Ворлдскиллс Россия» компаниясига қарши молиявий аудит ўтказилгани, унда Таълим вазирлиги орқали берилган 300 миллион рублдан ортиқ миқдорда субсидиялар бўйича даъволар аниқлангани ҳақида ёзади. 

Касблар ва малакаларни ривожлантириш агентлиги Путин ташаббуси билан ташкил этилган

Касблар ва кўникмаларни ривожлантириш агентлиги 2020 йилда Россия президенти Владимир Путиннинг топшириғига биноан тугатилган «Ёш мутахассислар» касбий жамоалар ва ишчи кучини ривожлантириш агентлиги (World SkillsRussia) базасида ташкил этилган. Тузилма веб-сайтида агентлик «касбларнинг илғор стандартларини шакллантириш», фуқароларни қайта тайёрлаш ва халқаро лойиҳалар, жумладан, «профессионал маҳорат чемпионатлари»ни ўтказиш билан шуғулланаётгани айтилади.

2019 йилда агентликнинг ҳибсга олинган бош директори Роберт Уразов Будапештда бўлиб ўтадиган EuroSkills-2018 Европа чемпионатига Россия профессионал маҳорати миллий терма жамоасини тайёрлашдаги хизматлари учун II даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. 

Top