Жамият | 09:03 / 10.07.2024
5981
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўқувчи қиз синфдошлари томонидан руҳий зўравонликка учрагани аниқланди

Болалар омбудсмани ҳолатни ўрганган. Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан эса мактаб масъул ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида ўқувчи қиз синфдошлари томонидан руҳий зўравонликка учрагани аниқланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Маълум қилинишича, Болалар омбудсманига жорий йилнинг 12 июн куни Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Г.Х.дан мурожаат келиб тушган. Унда аёл 2008 йилда туғилган қизи А.Т. Мирзо Улуғбек туманидаги 49-сонли мактабда синфдошлари томонидан руҳий зўравонликка учраганини маълум қилган.

Қизнинг онаси шунингдек, зўравонликни бартараф этиш юзасидан мактаб маъмуриятига қилган мурожаати эътиборсиз қолдирилганини билдириб, мактаб директори ва синф раҳбарига чора кўрилишини сўраган.

Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юборган сўрови асосида мазкур ҳолат ўрганилиб, Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан 49-сонли умумтаълим мактаби масъул ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган.

Ҳозирда текширув натижасига мувофиқ синф раҳбари Э.У.га нисбатан интизомий жазо чораси қўлланган. Шунингдек, мактаб директори Р.Н. эса таълим масканида юз берган бундай вазиятни бошқара олиш малакаси етарли эмаслиги сабабли малака ошириш учун махсус ўқув курсларига йўналтирилган.  

Мавзуга оид