Ўзбекистон | 21:54 / 15.09.2024
53587
11 дақиқада ўқилади

Inbazar’нинг миси чиқди: Ишчиларни калтаклаш одатий ҳолат бўлганми?

Компания раҳбарининг ўзи ишчиларни калтаклагани акс этган видеолар ҳам тарқалди. Уни оқлашга ҳаракат қилганлар уялиб қолишди ва хато қилганини тан олишди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва фаоллар ушбу савдо марказини бойкот қилишга чақирмоқда.

Шу кунларда интернетнинг ўзбек сегментидаги асосий мавзу асосан арзон нархлардаги кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи савдо тармоғи билан боғлиқ можаро бўлмоқда. Аввалига тармоқнинг Сергели туманидаги савдо маркази ишчиси ўзидан юқорироқ лавозимдаги ходим томонидан калтаклангани видеоси тарқалди, кўп ўтмай тармоқ раҳбари видеомурожаат қилиб, зўравонга жазо кўрилишини айтиб чиқди, аммо кейинги куни раҳбарнинг ўзи ишчиларига зўравонлик қилгани акс этган видеолар пайдо бўлди. Қуйида воқеалар хронологияси келтирилади.

Воқеа нимадан бошланди?

14 сентябр куни Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи йирик савдо марказларидан бири бўлмиш Inbazar’нинг Сергели туманидаги савдо маркази масъули Меҳрож исмли ходимини калтаклагани акс этган видео тарқалди.

Интернетда тарқалган бошқа видеога кўра, ходим омборхонада аравачани узоқдан ғилдиратиб юборгани учун калтакланган, ҳолбуки бу ҳолатда аравачага зарар етмагани кўринади.

Ходим, гарчи «билмасдан қилдим», дея узр сўраганига қарамай, раҳбари ёш йигитнинг юзи ва танасига 5-6 маротаба урган. Шунингдек, ҳақорат ҳам қилган ва ишдан бўшашини айтган.

Inbazar асосчиси, айни вақтда чет элда бўлган Омадбек Холматов видеомурожаат билан чиқиб, мазкур ҳолат бўйича қонуний чора кўрилишини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони кўриб, ўзим «шок» бўлиб қолдим. Бу қилинган аблаҳона иши учун албатта қонуний жавобгарликка тортилишига ишончимиз комил. Йиллар давомида ишхонада ўзаро ҳурмат бўлишига ҳаракат қиламиз, лекин кўп одам ишлагани учун буни назоратини ола олмай қолибмиз. Бунинг учун узр сўраймиз. Лекин бу зўравонликка қаршимиз, бу ҳолат бўйича қонуний чоралар кўриляпти. Тафсилотларини айтамиз», деган дўкон асосчиси.

Омадбек Холматов «биргина ходимининг ўйламай қилган иши учун йиллар давомида халқ орасида ишонч қозонган ва обрў орттирган савдо маркази фаолиятини қоралаб ташламаслик»ни сўраган.

Кейинроқ компаниянинг инстаграмдаги саҳифасида зўравон ходим ички ишлар бўлимига олиб борилгани ҳақида видеохабар жойлаштирилди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳам ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Хабарда ҳодиса 13 сентябр куни содир бўлгани, «Сергели туманида жойлашган савдо мажмуаларининг бирида ишловчи 2001 йилда туғилган Б.А. ўзаро келишмовчилик оқибатида бирга ишловчи 2006 йилда туғилган М.Т.ни қўли билан ургани» айтилади.

Ушбу ҳолат савдо мажмуасининг бошқа ходими, 1998 йилда туғилган Х.Э. томонидан видео тасвирга олинган. Бироқ фуқаро М.Т. мазкур ҳолат юзасидан муқаддам ички ишлар органларига мурожаат қилмаган.

Юқорида қайд этилган ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) аломатлари билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судига юборилган.

Кейинги кун нималар бўлди?

15 сентябр куни Inbazar раҳбар ходимларидан бири жабрланувчидан раҳбарият номидан узр сўрагани, унга Spark автомобили совға қилиниши ва ишга тикланиши, ишга қайтганида «замстарший» лавозимида бўлишини ваъда қилган видео тарқалди. У видеода қайта-қайта узр сўрайди ва бугуннинг ўзида автомобил расмийлаштириб берилишини айтади.

Лекин бу иш шу билан ёпилмади. Kun.uz’га ушбу компанияда ходимларга муносабат азалдан ёмон бўлгани, компания раҳбарининг ўзи ходимларни «самосуд» қилишни рағбатлантириши ҳақида мурожаатлар келиб тушди. Аудиолардан бирида овози Холматовникига ўхшайдиган шахс «қаттиқ сўроқ қилиш»га рухсат берганини эшитиш мумкин. Бу аудиодаги гап “Меҳрожни сўроқ қилиш” воқеасига боғлиқ экани аниқ эмас.

15 сентябр куни ижтимоий тармоқларда компаниядаги бундай ҳолатни тасдиқловчи видеолар ҳам пайдо бўлди. Турли даврларга оид бу видеоларда Холматов ходимларини ўзи ургани ёки бошқа шахсларга урдиртирмоқчи бўлгани, шунингдек, қаттиқ ҳақорат қилиб, изза қилгани ва бу ҳолатларни ўзи видеога олганини кўриш мумкин.

У яна бир видеосида бундай «самосуд» ҳолатларини ходимларни мижозга ёмон муомала қилгани учун жазолаш сифатида изоҳлайди.

«Мижозга ёмон муомила қилгани учун мазасини қочирганмиз... Клиентни уриб қоганида атайлаб братишкамни обкегандим. Ким мижозга ёмон муомила қиладиган бўлса, ўзи билан тенг болани олиб келаман. Ишхонанинг олдида, ҳамманинг олдида уриб, ер қилиб ташлайди, ҳурматини тўкиб... Йигирма ёшли ходим ёмон муомила қилса, йигирма ёшли ит олиб келаман, ғажиб ташлайди», деган у.

Бошқа ҳолатда эса у ишчини ёмон кийингани учун ҳақоратлайди ва видеога олади.

«Шу болани ҳозир бўшатамиз, бир ойдан кейин ҳам, икки ойдан кейин ҳам биздек ойлигини вақтида оладиган ишхона топа олмайди», деган у.

Ўхшамаган «оқлаш» кампанияси

Кун давомида ушбу компания атрофидаги мавзу трендда турди. Компаниянинг инстаграмдаги саҳифасига салбий оҳангдаги фикрлар ёзилавергани, #inbazarboycot ҳэштеги оммалашгани туфайли изоҳ қолдириш ёпиб қўйилди.

Ижтимоий тармоқда аввалига боксчи Баҳодир Жалолов, кейин блогер, ўзбекистонлик мухлислар етакчиси Абдураҳмон Фозилов Омадбек Холматовни қўллаб-қувватлаб видеомурожаат қилишди. Аммо уларнинг ҳам саҳифаларида норозилик билдирилгач, улар ўз постларини ўчириб юборишди ва узр сўраган ҳолда бугун тарқалган охирги видеолардан бехабар бўлганликларини билдиришди.

«Бир соат олдин қўйган видеомда бир ярим мингта изоҳ қолдирилди. Шундан мингтадан ортиғи негатив. Азизлар, бу видеони қўйганимда, кейинги видеоларни кўрмагандим... Биз кейинги воқеалардан умуман хабаримиз йўқ эди. Нимаики бўлган бўлса, Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат, қонун доирасида чоралар кўрилмоқда. Биз бу болани фақат қилган эҳсонлари орқали билардик... Мен ҳам, Баҳодир ҳам охирги видеолардан хабардор эмасдик», деган Фозилов кейинги видеосида.

Жалолов эса иккинчи видеосида зўравонликка бутунлай қарши эканини, ўзи ҳам кўчада ҳеч кимга қўл кўтармагани, фақат рингда урушганини айтади.

«Бир соат олдин бир видеони шошилиб чиқариб қўйдим. Омадиллонинг фақат яхши томонларини кўргандим. Ишчисини деб ўзи ёмонотлиқ бўлиб қолмасин деб тарафини олгандим. Аммо ўзининг видеоларини кўриб, фикрим бутунлай ўзгарди. Одамнинг ичини билмас экансан.

Ўзим ўттизга кириб, икки марта олимпиадани ютдим, икки марта жаҳон чемпиони бўлдим, лекин ҳаётда бировга қўл кўтармаганман, урушган бўлсам, фақат рингда урушганман. Ўзим зўравонликка қаршиман, мутлақо қаршиман...

Ҳар хил изоҳлар ёзилмоқда, пул-мул олинган деб. Ҳеч қанақа пулнинг алоқаси йўқ. Inbazar билан ҳам шартномани аллақачон тугатганман. Мен ўзим зўравонликка қаршиман, ҳеч қачон бундай ҳолатни оқламайман, айбдорлар ўз жазосини олади қонуний тартибда», деган боксчи.

Омадбек Холматов навбатдаги видеолардан кейин яна бир видео ёзди. Унда у тарқалган видеолар эски эканини айтади, аммо қилган ишлари учун айбдорлик ҳис қилмайди.

«Унда ҳар бир одамнинг умри давомида урушган видеоларини интернетга қўяйлик», дея зўравонлик ҳақида одатий ҳолатдек гапирган у.

Бойкотга чақириқлар

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва кўплаб блогерлар бу савдо тармоғи хизматларидан фойдаланмасликка чақирмоқда.

«Ўзини ҳурмат қилган одамлар қайтиб Инбазарга яқинлашмаслиги керак. Онгли истеъмолчи бўлинг. Кўча разборка ва қон, инсонларнинг қадри топталиши устига қурилган бизнесларни гуллатишга ҳисса қўшманг...

Ўша бошлиқни ўзи қурган тизим экан бу зўравонликлар. Кеча калтаклаган йигит ҳам шу тизим тарбиясини кўрган бола, холос», деган блогер Нурбек Алимов.

Журналист Азиза Қурбонова ўз кузатишларига кўра айрим ишхоналарда бундай ҳолат авж олаётганини қайд этган.

«Шу кейсдан кейин кўп гуруҳларда, айнан ўсмир болалар, йигитларнинг #me_too (яъни менда ҳам бўлган, мен ҳам гувоҳман) деган ҳикояларини ўқидим, гаплашдим.

Бу ҳолатлар ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат юритилмайдиган, ёлланма ишчилар жалб қилинадиган хусусий бизнесда кўпроқ учрайди деб айтишяпти.

Биз йигитларни “эркак бўл”, “терпила бўлма”, “сотқинлик қилма”, “чида” деб тарбиялайдиган жамиятмиз. Самосудлар, шахсиятга дахл қилишга муросасиз кураш кераклигини айтмаймиз.

Инбазарга умрим бино бўлиб бормаганман, эндиям бормайман. Алимовнинг гапига қўшиламан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини калтаклайдиган бу тадбиркорга чора кўриши керак», дея ёзган у ўз телеграм-каналида.

Блогер Шаҳноза Соатова ҳам бу ҳолат учун энг тўғри реакция мижозлар томонидан компания маҳсулотлари бойкот қилиниши эканини таъкидлайди.

«Тармоқда InBazar дўконлар тармоғида раҳбариятдан то қуйи бўғингача авж олган зўравонлик ва “самосуд”лар ҳақида видеолар тарқамоқда.

Пул бу ҳокимият деб ўйлайдиган “янги ўзбеклар”га ва умуман ҳокимиятини суиистеъмол қилувчи барчага ибрат бўлиши учун InBazar раҳбариятига қонуний чора кўрилиши керак.

Лекин жамият ҳам ўз позициясини билдириши лозим — сўзда эмас, амалда. Шахсан мен “кўча” қонунлари билан яшайдиганларнинг бизнесини қўлламайман — бу тармоқдан ҳеч нима сотиб олмайман. Худди шунингдек, маҳаллийчилик қиладиган, ўзбек тилида гаплашувчи мижозларни менсимайдиган ва ҳоказо “мафкураси қийшиқ” брендлар ва муассасаларни ҳам жамият бирлашиб жазолаши тарафдориман.

Оммавий рад этилиш ортидан келадиган имижга ва чўнтакка зарар — энг яхши тийиб турувчи восита. Пора билан ҳам, “таниш-билиш” билан ҳам қутула олмайди», деган у.

Бу вақтда эса интернетда Омадбек Холматов ходимларини қаттиқ сўккани ва ҳақоратлагани акс этган бошқа видеолар ва аудиолар тарқалиши давом этмоқда.

Мавзуга оид