Иқтисодиёт | 20:46 / 15.07.2024
14401
3 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors'нинг 1,3 млрд сўмлик танловида коррупцион ҳолат аниқланди

“Нексия 2” автомобилларининг эшиги учун бутловчи қисмлар етказиб бериш бўйича 1,3 млрд сўмлик давлат хариди яқин қариндошларга тегишли иккита компания иштирокида ўтган. Улардан бири ғолиб, иккинчиси захира ғолиби деб топилган. Бу ҳақда интернетда берилган маълумотни Аксилкоррупция агентлиги тасдиқлаб, ишни прокуратурага оширди.

Фото: Kun.uz

“UzAuto Motors” АЖ томонидан 2024 йил 8 июл куни ўтказилган 1,3 млрд сўмлик давлат харидида яқин қариндошларга тегишли компаниялар иштирок этиб, ғолиб бўлди.

Бу ҳолатни Telegram'даги “Ревизор” каналида берилган хабардан сўнг ўрганиб чиққан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тасдиқлади.

Агентликка кўра, харид комиссияси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг бир қатор талабларини бузган, шу сабабли буюртмачига харид натижаларини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.

“Ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар айбдор шахсларга қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилди”, дейилади расмий ахборотда.

UzAuto Motors изоҳига кўра, ҳолат “Нексия 2” автомобилининг эшиклари учун бутловчи қисмлар харид қилиш билан боғлиқ бўлган. Компания etender.uzex.uz платформасида танлов ўтказилгани, лекин ҳеч қайси иштирокчи билан шартнома тузилмаганини билдирди.

“Ревизор”нинг ёзишича, танловга жами иккита талабгор тижорат таклифини билдирган бўлиб, харид комиссиясининг 8 июл кунги баённомасига мувофиқ энг яхши таклифни аниқлаш орқали 1,3 млрд сўм нарх таклифи билан “Eko Tsem Komplekt Oborudovanie” МЧЖ танлаш ғолиби, “Eko Lit Metall” МЧЖ эса захира ғолиби деб топилган.

Очиқ манбаларга кўра, захира ғолиби “Eko Lit Metall”нинг раҳбари ва ягона таъсисчиси ҳисобланувчи Муталипов Анваржон Абдураҳим ўғли – бир вақтлар “Eko Tsem Komplekt Oborudovanie” МЧЖнинг 50 фоиз улушига эгалик қилган бўлиши мумкин.

Танлов ғолиби бўлган “Eko Tsem Komplekt Oborudovanie”нинг ягона таъсисчиси сифатида Асқарова Феруза Имяминжоновна, корхона раҳбари сифатида Асқаров Абдураҳим Муталович кўрсатилган.

Бу икки компания раҳбар ва таъсисчиларининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари улар ўзаро яқин қариндош бўлиши мумкинлигига ишора қилади. Аксилкоррупция агентлиги бу тахминни тасдиқлаган.

Мавзуга оид