Нуқтайи назар | 10:23 / 18.07.2024
10115
2 дақиқада ўқилади

“НАТОнинг тафаккури классик даврга қайтди” — Камолиддин Раббимов

СССР парчаланганидан кейин НАТО ташкилоти энди керакми деган саволлар ҳам янграган, ҳарбий алянс бир муддат экстремистик ва террористик ташкилотларга диққатини қаратган эди, лекин Путиннинг 2007 йили Мюнхендаги нутқидан кейинги даврда НАТО яна йирик авторитар давлатларга қарши туриш тафаккурига қайтди, дейди сиёсатшунос.

Фото: Reuters

Совет иттифоқи қулаганидан кейин НАТО ўзига янги мазмун излади. Яъни янги концептуал таҳдид кўринмаётган эди. Маълум бир муддат ташкилотнинг асосий объекти экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўлди. 11 сентябр воқеаларидан кейин, НАТО тарихида биринчи ва ҳозирча охирги марта 5-модда қўлланди: Американи мудофаа қилиш учун шу модда асосида Афғонистонга кирилган эди.

Кейинги 20 йилда НАТОнинг тафаккури яна ўша классик даврга қайтяпти. Экстремизм ва терроризм – бу ташкилотлар, Россия ва Хитой эса – классик давлатлар. 75 йиллик саммитда авторитар давлатлар, айниқса Хитойдан келаётган таҳдидлар бош мавзулардан бири бўлди.

НАТОнинг бу тафаккурга қайтиши Қрим аннексиясидан ҳам аввалроқ, Путиннинг 2007 йили Мюнхендаги нутқига бориб тақалади. Бу Россиянинг Ғарбга концептуал эътирози, ветоси бўлганди.

Умуман, НАТОга аъзо давлатларнинг тафаккури ҳар доим шундай бўлган: вақти келиб барибир Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси билан глобал тўқнашув бўлади. 1990-йиллардаёқ Американинг баъзи бир конгрессменлари ва сенаторлари НАТО бу фақат трансатлантик ташкилот эмас, глобал ташкилот бўлиши керак, унга Япония, Австралия, Янги Зеландия, Жанубий Кореяни аъзо қилиш керак, Марказий Осиёда ҳам баъзи давлатлар аъзо бўлиши керак фикрларни айтишганди. Тинч океани ҳавзасидаги, Хитой атрофидаги бу тўртта давлатлар раҳбарлари 75 йиллик саммитда асосий меҳмонлар қаторида иштирок этди.

  • Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг Kun.uz студиясида кечган суҳбатдаги ушбу фикрлари “Нуқтайи назар” рукни учун ажратиб олинди.

Мавзуга оид