Ўзбекистон | 11:51 / 23.07.2024
1188
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари экспорти ҳажмини уч бараварга оширишни режалаштирмоқда

Белгиянинг The European Geopolitical Forum сайтида "Ўзбекистон Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига электротехника маҳсулотлари экспортини оширишни режалаштирмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Фото: yuz.uz

Унда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг электротехника соҳасида мингга яқин ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, саноатнинг деярли барча корхоналари хусусийдир. Саноатда банд бўлганларнинг умумий сони эса 35 мингдан ортиқ кишини ташкил этади.

"2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 2026 йилга келиб саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баравар, шу жумладан, электротехника саноатида юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баравар ва экспорт ҳажмини 3 баравар ошириш кўзда тутилган", – дейилади порталда.

Шу билан бирга, мақолада ёзилишича, 2027 йил 1 январгача электротехника саноати корхоналари фойда ва мулк солиғини 50 фоизга камайтирдилар. Бундан ташқари, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган хомашё, бутловчи қисмлар ва ускуналарга божхона тўловларидан озод қилиш бўйича имтиёзлар узайтирилди.

Шунингдек, мақолада Ўзбекистонда қиймати 260 миллион доллардан ортиқ бўлган 800 дан ортиқ янги инвестиция лойиҳалари, жумладан, 50 миллион долларлик 120 кабель ишлаб чиқариш, 115 миллион долларлик 380 маиший техника, 40 миллион долларлик 60 энергия ускуналари ва 58 миллион долларлик 250 бошқа электротехника лойиҳалари ишга туширилгани хабар қилинган.

Мавзуга оид