Ўзбекистон | 21:52 / 26.07.2024
5822
5 дақиқада ўқилади

26 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Парламент сайловларига берилган старт, адолатсиз судяга ўқилган ҳукм, Ўзбекистондаги ўртача маош миқдори ва Шоҳимардонда келган шағалли сел— кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Сайловга старт берилди

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 2024 йил 27 октябрда ўтказилади. Сайлов кампаниясига эса бугундан старт берилди.

Шуниси эътиборлики, Қонунчилик палатаси сайловлари илк марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади.

Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.

Аёлларнинг сони депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар 5 нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.

Сайловда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати, Сенатнинг 65 нафар аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси 65 нафар депутати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, 208 та туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайланади. Шунга кўра, 30 мингга яқин номзодлар, 90 мингга яқин уларнинг ишончли вакиллари сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ҳамда 120 мингдан ортиқ сайлов комиссиялари аъзолари ташкилотчи сифатида, 70 мингдан ортиқ фуқаролар ва хорижликлар кузатувчи сифатидаги иштироки кутилмоқда.

Адолатсиз судяга жазо

Адолатсиз қарор чиқарган судя 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Нурафшон туманлараро маъмурий суди судяси жиноий жазога тортилди. У оммавий-ҳуқуқий низолар билан боғлиқ ишларни кўриш вақтида 27 та ҳолатда адолатсиз қарор чиқарган.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 50 ёшли А.А. Нурафшон туманлараро маъмурий судининг судяси лавозимида ишлаб, оммавий-ҳуқуқий низолар билан боғлиқ ишларни кўриш вақтида ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган. У 2021-2022 йиллар давомида 27 та ҳолатда Ер кодекси, президент, ҳукуматнинг тегишли фармон ва қарорлари талабларига зид равишда ҳокимлик ҳамда кадастр идораларининг ер (бино-иншоотлар) билан боғлиқ қарорларини ҳақиқий эмас деб топиб, улар зиммасига мажбуриятлар юклаш ҳақида адолатсиз ҳал қилув қарорлари қабул қилган.

А.А. томонидан қабул қилинган ушбу 27 та ҳал қилув қарорининг барчаси Тошкент вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси қарорлари билан бекор қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2024 йил 4 июлдаги ҳукми билан А.А. айбли деб топилган. Унга 2 йил суд идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларида ўташ белгиланган.

Ўзбекистонда ўртача маош

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн сўмга етгани маълум қилинди. Энг юқори маошлар банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти ҳамда ахборот ва алоқа соҳаларида берилаётган бўлса, таассуфки, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаларида ўртача маош энг пастлигича қолмоқда.

Статистика агентлиги хабарига кўра, ярим йил мобайнида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳри, Навоий, Тошкент ва Андижон вилоятларида кузатилган.

Олти ой давомида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (20,2 фоиз), Самарқанд (18,2 фоиз), Андижон (17,6 фоиз), Фарғона (16,8 фоиз) ҳамда Навоий (16,2 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Ўртача ойлик иш ҳақлари энг юқори бўлган соҳалар:

банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти (14,4 млн сўм), ахборот ва алоқа (12,4 млн сўм) бўлса, энг паст соҳалар — таълим (3,5 млн сўм); соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3,3 млн сўм) бўлиб қолмоқда.

Фарғонада кўчаларни шағал босди

25 июл куни кучли ёмғир ва дўл ёғиши оқибатида Фарғона вилояти, Фарғона тумани қишлоқларида сел оқими юз берди. Ўзгидромет хабарига кўра, табиий офат оқибатида жабрланганлар бўлмаган, бироқ баъзи уй-ҳовлилар ва кўчалар қум-шағалга тўлган.

Жумладан, Шоҳимардон қишлоғи тоғ-адирликларидан кучли жала ва дўл ёғиши оқибатида сониясига 4-5 метр куб сел оқими вужудга келиб, қишлоқ врачлик пункти ҳовлиси ҳамда 4 та аҳоли ҳовли жойларини қум-шағал билан тўлдирган.

Ёрдон маҳалласи ҳудудида жойлашган Букан сел йўлидан сониясига 1,5-2 метр куб сел оқими вужудга келиб, аҳоли ва ҳудудларга зарар етказмаган.

Мавзуга оид