Спорт | 17:10 / 26.07.2024
9639
4 дақиқада ўқилади

Олимпиада очилиш кунида жиноятчилар темирйўл ҳаракатини фалаж қилиб қўйди

Парижда Олимпия ўйинлари очилишига саноқли соатлар қолганида Франциянинг SNCF темирйўл компанияси мамлакатнинг турли чеккаларидаги объектлари — йўллар ва вокзаллар — вандализмга йўлиққани ҳақида хабар қилди. Хусусан, ўт қўйиш ҳолатлари кузатилган.

Фото: Global Look Press

Компаниядагилар ҳужумдан мақсад — мамлакатдаги юқори тезликдаги қатновларни фалаж қилиш бўлганига амин.

Париждан ғарб, шарқ ва шимол йўналишларида темирйўл қатнов қисмлари шикастланган. Жума куни тонгида поездлар Франция ғарбига йўл оладиган «Монпарнас» бекатида улкан навбатлар юзага келган.

Поезд рейсларининг катта қисми бекор қилинган. SNCF вакилларининг сўзларига кўра, жума куни бу узилиш 250 минг кишига, дам олиш кунларида эса 800 мингга яқин йўловчига таъсир қилади.

Маълум қилинишича, сотилган чипталарга қараганда жума куни Франция темирйўлларидаги энг гавжум кунлардан бири бўлиши керак эди: минглаб кишилар Ўйинлар очилиш куни муносабати билан Париж томон йўл олган, яна минглаб кишилар ёзги таътил учун шаҳарни тарк этишга киришган.

«Монпарнас» бекати жума тонгида шундай кўринишда эди. Фото: AFP

Шунингдек, Париж ва Европанинг қатор шаҳарларини боғловчи қатновларни амалга оширувчи Eurostar компанияси рейслари бекор қилинган ёки кечиктирилган.

Лондондаги Сент-Панкрас вокзали, бу ердан Eurostar поезди Парижга жўнайди, образовываются очереди

Мамлакат бош вазири Габриэл Аттал бу яхши тайёргарлик кўрилган ва ҳаракатлар мувофиқлаштирилган диверсия бўлганини айтган.

Х платформасида (собиқ Twitter) у етказилган зарар кўламли улкан ва жуда жиддий эканини ёзган. У ўт қўйилган жойларда иш олиб борган ўт ўчирувчиларга миннатдорчилик билдирган ва хавфсизлик хизматлари айбдорларни қидираётганини маълум қилган.

Бу вақтда ўт қўйилган жойлардан илк тасвирлар пайдо бўлган. Улардан бирида симлар ёниб кетгани акс этган. Бу фотосурат Париждан тахминан 143 км масофадаги Сен-Пеллерен-Куртален темирйўл линиясида олинган.

Париждан 140 километр масофадаги шикастланиш. Фото: VALD’YERRE MAIRIE
Ҳужум жойида ўт ўчирувчилар ва полициячилар ишламоқда

Кескин вазият камида 29 июлга қадар сақланиб қолади, ҳозирча эса тиклаш ишлари давом эттирилмоқда. Диверсия оқибатларини тўлиқ бартараф этишга бир ҳафтадан ортиқ вақт кетиши мумкин.

Франция транспорт вазири Патрис Вергрите нопок ниятли кимсаларнинг ҳаракатлари расмийлар томонидан жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланаётганини айтган. 

Спорт вазири Амели Удеа-Кастера йирик халқаро спорт тадбири олдидан темирйўл тармоқларига уюштирилган оммавий ҳужумларни даҳшатли деб атаган. Унинг сўзларига кўра, бу муқаррар равишда мухлислар жадвалига, эҳтимол спортчиларга ҳам таъсир кўрсатади.

Жума куни Париж марказида Олимпиаданинг очилиш маросимига 300 мингдан ортиқ томошабин йиғилиши кутилмоқда. Французлар ташкилий қўмитаси атлетларнинг анъанавий парадини Сена дарёсида ўтказишни режалаштирган: минглаб спортчилар қайиқларда томошабинлар қаршисида сузиб ўтади.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах Ёзги Олимпия ўйинлари очилиши режа бўйича бўлиб ўтишига ишонч билдирган.

«Менда ҳеч қандай хавотир йўқ. Бир француз ҳукуматига тўлиқ ишонамиз», — деган у ОАВга берган изоҳида.

Ўйинлар ташкилий қўмитасидагилар SNCF оператори билан яқиндан алоқада бўлиб турганини маълум қилган.

«Биз SNCF темирйўл тармоқларига таъсир кўрсатадиган ҳодисаларни маълумот учун қабул қилдик. Биз вазиятни баҳолаш учун ҳамкорларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз», — дейилади хабарда.

Франция полицияси ҳужум юзасидан текширувлар бошлаган. AFP агентлигининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси темирйўл алоқаси тизимига ҳужум мақсадларидан бири — диверсия эканини тасдиқлаган.

Ҳукумат жиноятчиларнинг ҳаракатлари мувофиқлаштирилганидан хавотир билдирган. Бу ҳужум пухта режалаштирилгани ва кенг тармоқдаги жиноятчилардан дарак беради.

Жума куни портлаш хавфи туфайли Франция-Швейцария чегараси яқинида жойлашган Базел-Мюлуз-Фрайбург аэропорти эвакуация қилинганди.

Юқори Рейн департаменти префектураси терминалга сапёрлар чақирилганини маълум қилган.

Айни вақтда аэропорт фаолияти тикланган.

Ўтган йили ушбу аэропорт хизматларидан 8 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланган.

Мавзуга оид