Ўзбекистон | 07:00 / 26.07.2024
3468
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 900 млн сўмлик психофаол дориларни сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Тошкент вилояти ИИББ, ДХХ ва прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. 

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Вилоят ИИББ хабарига кўра, Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро назоратдаги харидорга 70 дона “Аминометил” ҳамда 3 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 4 млн 300 минг сўмга сотаётган вақтида ушланди.

Унинг ёнидан яна шу каби 7 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари далилий ашё сифатида олинган.

Суриштирувлар давомида аниқланишича, мазкур дориларни назоратдаги харидорга 1981 йилда туғилган шахс етказиши керак бўлган. Аммо ота бу иш учун 18 ёшли ўз фарзандини юборган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ота-боланинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада 9,8 минг дона “Зардекс”, 250 дона “Аминометил” ҳамда 15 дона “Тропикамид” (қора бозордаги нархи 857 млн сўмлик) кучли таъсир қилувчи, психофаол дори воситалари сотиш мақсадида хонадонда сақланаётганлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинди.

Ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 251/1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид