Жаҳон | 08:20 / 27.07.2024
1777
3 дақиқада ўқилади

Россия махсус хизматлари немис амалдорларини ёллаш учун уларнинг ижтимоий тармоқларини кузатяпти - BfV

Германия Конституциясини ҳимоя қилиш федерал идораси Россия Федерациясининг Европада қўпорувчилик фаолияти фаоллашгани, хусусан, Германия расмийларининг ижтимоий тармоқлари таҳлили ҳақида огоҳлантирди.

Россия махсус хизматлари немис расмийларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини «таъсир ўтказишга уринишларга мойил бўлиши мумкин бўлган одамларни аниқлаш» учун таҳлил қилмоқда. Бу ҳақда 26 июл, жума куни Германия Конституциясини ҳимоя қилиш федерал идораси (BfV) расмий сайтида эълон қилинган «Иқтисодий хавфсизликни таъминлаш бўйича тавсиялар» ҳисоботида айтилади.

Департамент, шунингдек, Россиянинг Европадаги қўпорувчилик фаолияти кучайганлигини қайд этиб, унинг интенсивлиги Украинадаги урушнинг бориши ва Москванинг Ғарб давлатлари билан муносабатларига боғлиқ, деган хулосага келди. 

Хабарда айтилишича, россияпараст ҳакерлар Германиянинг турли департаментлари ва компаниялари веб-сайтларига ҳужум қилишда давом этмоқда. Бироқ, одатда, уларнинг ҳаракатлари фақат интернет саҳифаларига киришни вақтинча чеклашга олиб келади. 

BfV маълумотларига кўра, Россия агентлари Германия ва бошқа Европа мамлакатларида ҳам ўт қўйиш ҳолатларини содир этяпти. Бундан ташқари, хавфсизлик кучлари Россия махсус хизматлари иштирок этиши мумкин бўлган вандализм ва ташвиқот фаолияти ҳолатларини текширмоқда. Бундай операцияларни «асосан ёшлар, русийзабон, мафкуравий жиҳатдан россияпараст ва паст савияли» агентлар амалга оширади, улар ҳам ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали ёлланади. 

Германия Россия махсус хизматлари диверсияларига тайёрланмоқда

2024 йил апрел ойи ўрталарида Бавариянинг Байройт шаҳрида полиция Россия махсус хизматлари кўрсатмаси асосида Германияда қўпорувчилик тайёрлашда гумон қилинган икки кишини қўлга олди. Германия бош прокурорига кўра, уларнинг вазифаси, хусусан, «Германия томонидан Украинага кўрсатилаётган ҳарбий ёрдамга путур етказиш» эди.

10 июл куни Американинг CNN телеканали ҳарбий доиралардаги манбасига таяниб «Россия томонидан қўллаб-қувватланган тузилмалар» диверсиялар тайёрлаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар туфайли АҚШнинг Европадаги ҳарбий базалари июн ойи охирида юқори даражадаги шай ҳолатга келтирилгани ҳақида хабар берди. Масалан, Штутгартдаги АҚШнинг Европа қўмондонлиги штаб-квартираси жойлашган базада хавфсизлик 10 йил ичида биринчи марта «Чарли» даражасига қадар кучайтирилди. Бу даража фақат «ҳодисалар содир бўлганда, террористик ҳужуми, ҳарбий хизматчилар ёки иншоотларга ҳужум қилиш эҳтимолини кўрсатувчи разведка маълумотлари мавжуд бўлганда» қўлланади.

Мавзуга оид