Жамият | 11:05 / 28.07.2024
4868
2 дақиқада ўқилади

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг XVII мажлиси бўлиб ўтди

Фото: O‘zLiDeP

O‘zLiDeP 2024 йилги парламент сайловларига янги стратегия билан кириб келишини ва 3 миллион хонадонларга кириб, сайловчилар билан мулоқот қилишни мақсад қилганини маълум қилди.

27 июл куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг XVII мажлиси бўлиб ўтди. Унда партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари вакиллари қатнашди. Мажлисда партиянинг 2024 йилги парламент сайловларидаги иштироки муҳокама қилинди.

Партия аъзолари сайловларнинг мамлакат келажаги учун аҳамиятини ҳисобга олиб, фаол иштирок этишни бир овоздан қарор қабул қилишди. Яқин кунларда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашнинг сайловда иштирок этиш ҳақидаги қарорини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши ва сайловчилар имзоларини йиғишни бошлаши режалаштирилган.

Маълум бўлишича, O‘zLiDeP 2024 йилги парламент сайловларига янги стратегия билан кириб келади. Партия бу жараёнда фаолроқ халқ ичига кириб, уйма-уй юриб, 3 миллион хонадонга кириб, сайловчилар билан мулоқот қилишни мақсад қилган. Сайловолди дастурини халқ муаммоларини ўрганиб, кенг қамровли жамоатчилик эшитувлари асосида ишлаб чиқади.

Мажлисда партиянинг сайловда иштироки билан боғлиқ барча масалаларни мувофиқлаштириб борадиган сайловолди штаби ташкил этилиши белгиланди. Штабга замонавий сайлов технологиялари ва тарғибот бўйича билимли мутахассислар жалб этилади. Шунингдек, партиянинг I Конгрессини чақириш ва ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларини ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.

O‘zLiDeP ахборот хизмати

Мавзуга оид