Жамият | 14:15 / 28.07.2024
6318
3 дақиқада ўқилади

“Халқ олдида ҳисобдормиз, таълимга қилинган инвестиция ўзини оқлайди” – “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан суҳбат

Kun.uz “Эл-юрт умиди” жамғармасининг АҚШ, Буюк Британия, Гонгконгда таълим олувчи ва битирувчи талабалари билан суҳбатлашди. Улар ўз ютуғининг асосини – билим олишга бўлган қунт, ҳеч нимага қарамай олға интилиш, мақсадлар сари ҳаракатда деб билади. Шунингдек, стипендиатлар халқ олдида ўзини ҳисобдор ҳис этади. Бу пулларга мактаб, боғча, қанчадан қанча тиббиёт муассасалари қуриш мумкин эди, бироқ давлат бизни танлади. Таълим киритилган инвестиция, албатта, ўзини оқлайди, дейди ёшлар.

Гулбаҳор Нортожиева 20 ёшда. У бугун АҚШнинг Жорж Мейсон университетида ўқийди, бўлғуси кимёгар. 17 ёшиданоқ хорижга билим истаб йўлга чиққан бу қиз – “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати. Ўзбекистонда кимё – нисбатан ёш ва лекин ривожланиши керак бўлган соҳа. Мен келажакда Марказий Осиёда аналоги бўлмаган лабораторияни очаман, дейди Нортожиева.

32 ёшли Бобур Тўраев эса Буюк Британия пойтахти Лондондаги университетнинг тиббиёт йўналишида ўқиб, Ўзбекистонга қайтган. Қизиғи, ёш бўлишига қарамай у бугунгача болаларда 600 дан ортиқ операциялар ўтказган. Тиббиёт ходимларининг қадри баланд бўлиши керак. Аввало, таълимда мутахассис эмас, олим-у илм одамларини чиқариш асосий приоритет бўлиши лозим, дейди шифокор.

20 ёшли Ҳумоюн Насибқулов эса ўқиш учун Гонгконгни танлаган. Нега ҳамма борган ва ҳамма танлаган жойни танлашим керак? Мен ноодатийлиги, Осиё молиявий ҳаби экани, табиат ва шаҳар уйғунлиги бўлгани учун Гонгконгни танлаганман, дейди бўлғуси молиячи.

“Олдимда жуда кўп бошқа вариантлар бор эди, лекин Гонгконгни танладим. Биринчидан, Осиё молиявий ҳабларидан бири. Иккинчидан, бу ерда ҳам соф табиат, ҳам осмонўпар бинолар уйғунлиги бор. Учинчидан, мен танлаган олийгоҳда дунёнинг энг билимли, энг истеъдодли ёшлари таълим олади. Университетда ўқиш осон эмас, баҳолаш тизими ҳам жуда қийин. Мен ёшлигимдан математикага қизиққанман. Рақобат бор жойни қадрлайман. Тошкентдаги Вестминстер университетида ўқишни хоҳламаганим учун Гонгконгга йўл олдим. Энг машҳур ва бой компанияларда амалиёт ўташ имконига ҳам эгамиз у ерда”, - дейди Гонконг Фан ва технологиялар университети талабаси.

Суҳбатда ёшлар хорижда ўқишнинг қийинчилик ва афзалликлари, юртдан узоқдаги соғинч ва масъулият билан яшаш, жамғарма стипендиати бўлиш уларнинг зиммасига юклаган вазифалар хусусида тўхталган. Талабалар ўқишни битириши билан Ўзбекистонга қайтиш, жамият ва давлат иқтисодиёти ривожига ҳиссасини қўшиш ниятида. Бири лаборатория очишни, иккинчиси ноёб болалар операцияларини Ўзбекистондан чиқмай қилишни йўлга қўйишни, учинчиси эса иқтисодиётни рақамлаштиришга ўз ҳиссасини қўшишни режалаган.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид