Жаҳон | 21:01 / 29.07.2024
3384
2 дақиқада ўқилади

Авиакомпаниялар Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги эҳтимолий уруш туфайли Ливанга парвозларни бекор қилмоқда

АҚШ Давлат департаменти Ливанга саёҳатларни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Фото: AFP/Getty Images

Авиакомпаниялар Исроил ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўртасида кенг кўламли уруш бошланишидан хавотирланиб, 29 июлдан Байрутга парвозларни тўхтатмоқда, деб хабар берди Politico.

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси Ливан пойтахти Байрутга «эҳтиёткорлик» туфайли бешта йўналишни 5 августгача тўхтатиб қўйди. Шунингдек, Swiss International Airlines и Eurowings ҳам шундай чораларни кўрган.

Шу билан бирга, Turkish Airlines, Грециянинг Aegean Airlines, Ethiopian Air ва Ливаннинг Middle East Airlines авиакомпаниялари ҳам 28-29 июл кунлари Байрутга парвозларини бекор қилди.

28 июл куни АҚШ Давлат департаменти баъзи авиакомпаниялар кескинлик кучайиб бораётганига жавобан «Ливандаги парвозлар жадвалини мақбуллаштираётгани» ёки «парвоз режаларига вақтинчалик ўзгартиришлар киритишни кўриб чиқаётгани»ни маълум қилиб, Ливанга саёҳатларни қайта кўриб чиқишга чақирган эди.

27 июл куни Жўлан тепаликларига берилган зарба оқибатида исроиллик 12 нафар бола ва ўсмир ҳалок бўлди, яна ўнлаб одамлар жароҳатланди. Исроил ҳужумда Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳини айблади.

Шундан сўнг, Исроил Ливан ҳудудига ҳаво зарбаларини берди. Хусусан, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари «Ҳизбуллоҳ» объектларини ўққа тутди.

Мавзуга оид