Жаҳон | 20:46 / 19.09.2024
7391
5 дақиқада ўқилади

Исроил Ливан бўйлаб янги зарбалар йўллади

Ҳужум «Ҳизбуллоҳ» етакчиси пейжерлар ва рациялар портлатилишига жавобан Исроилга жавоб қайтариш билан таҳдид қилаётган вақтда бошланди. Аввалроқ Исроил мудофаа вазири мамлакат «урушнинг янги босқичини очаётгани»ни айтганди.

Фото: Getty Images

Исроил «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг Ливан жанубидаги позициялари бўйлаб навбатдаги марта авиазарбалар берди — бу гуруҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ сўнгги кунларда Ливанда пейжерлар ва рациялар оммавий портлаши билан кечган ҳамда ўнлаб кишилар ҳалок бўлиб, минглаб кишилар яраланишига олиб келган воқеаларга бағишланган чиқишини бошлаган вақтга тўғри келди.

BBC мухбири Ҳюго Бачеганинг хабар беришича, Байрут узра исроилликларнинг ҳарбий самолётлари овозлари эшитилган. Ижтимоий тармоқларда самолётлар пастлаб учаётгани акс этган видеолар ҳам тарқалган.

Насруллоҳ Исроилни гуруҳ аъзолари ҳамда бегуноҳ кишиларни, ҳатто болаларни ажратмасдан пейжерлар ва рация воситаларига ҳужум қилишда айблаган. Унинг сўзларига кўра, 4 000 га яқин пейжерлар портлаган ва жабрланганларнинг бир қисми ҳали расмий маълумотларга қўшилмаган.

«Бу ошкора терроризм. Биз уларни сешанба кунги ва чоршанба кунги қирғинлар деб атаймиз. Бу ҳарбий жиноят ёки, камида уруш эълон қилишдир, — деган у. — Худо раҳмдил ва кўп миқдордаги ўлимлар ва жароҳатланганлар бўлмади. Айрим пейжерлар ишдан чиққан ёки ўчирилганди. Айримлари ҳали тарқатилмаган ва омборларда турганди».

«Шаҳидларини йўқотганлар, яраланганлар, Ғазо учун курашганларнинг барчаси номидан биз [бош вазир] Нетаняҳу ва [мудофаа вазири] Галантга, душманларга айтамизки, Ғазодаги тажовуз бас қилинмагунича Ливан фронти ҳам тўхтамайди, — деган Насруллоҳ. — Ливандаги қаршилик ҳаракати Ғазо ва Ғарбий соҳил халқини қўллаб-қувватлашдан чекинмайди».

«Сиз бу одамларни шимолга қайтара олмайсиз. Бунинг ягона йўли — Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги тажовузни тўхтатишдир», — деган Ҳасан Насруллоҳ Исроил раҳбариятига мурожаат қилиб.

Насруллоҳнинг қайд этишича, исроилликларнинг ҳаракатларига «улар кутиши мумкин бўлган тарзда ҳам, кутмаган тарзда ҳам» жавоб қайтарилади.

«Мен жойини, вақтини, ҳолатини, тафсилотларини айтмайман, барчасини бу рўй берганида билиб оласиз. Улар бу тўловни қилишади. Биз ҳозир деталларни очиқламаймиз, чунки ҳозирда жангнинг ўта нозик босқичидамиз», — деган «Ҳизбуллоҳ» раҳбари.

Ҳюго Бачеганинг қайд этишича, Насруллоҳнинг оҳанги шундан дарак бермоқдаки, «Ҳизбуллоҳ»нинг реакцияси нафақат гуруҳ учун, балки сўнгги йиллардаги кўплаб инқирозлардан азият чекаётган Ливан учун ҳам вайронкор оқибатлар келтириб чиқармаслиги учун Исроил билан урушга олиб бормайдиган даражада вазмин бўлади.

Исроил мудофаа армияси баёнотида «Ҳизбуллоҳ»нинг «террорчилик салоҳияти ва инфратузилмалари»ни «йўқ қилиш»га ҳаракат қилинаётгани айтилган. «Ўн йиллар мобайнида „Ҳизбуллоҳ“ тинч аҳоли уйларидан фойдаланиб келмоқда, уларнинг остидан туннеллар ўтказилган ва тинч аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланилган, жанубий Ливан ҳарбий ҳаракатлар майдонига айлантирилган», — дейилади баёнотда.

Унда айтилишича, «ЦАҲАЛ Исроил шимолидаги хавфсизликни таъминлаш мақсадида аҳолининг уйларига қайтиши ва уруш мақсадларига эришиш учун ҳаракат қилмоқда».

Интернетда тарқалган видеоларга кўра, Ливаннинг турли ҳудудларида кучли портлашлар кузатилган.

Бундан олдинроқ Исроил мудофаа вазири Йоав Галант мамлакат «урушнинг янги босқичини очаётгани» ва «ресурслар ва кучлар йўналтирилиши туфайли оғирлик маркази шимолга силжиши»ни айтганди. «Бизга вақт ўтиши билан изчиллик керак бўлади, бу уруш янада мардлик, қатъият ва қатъиятлиликни талаб қилади», — дея қўшимча қилган у.

Ҳафта бошида Исроил ҳукумати ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган исроилликларнинг қайтарилишини асосий мақсад қилиш учун уруш мақсадларини қайта кўриб чиққанди, Галант эса дипломатия муваффақиятсизликка учраган тақдирда, ҳарбий ҳаракатлар ягона вариант бўлиши, бу эса «Ҳизбуллоҳ» билан можаро кенг кўламли уруш босқичига ўтиши эҳтимолини оширишини айтганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид