Ўзбекистон Африка давлатлари билан савдо салоҳиятини ўрганяпти
Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Африка давлатлари билан иқтисодий ҳамкорлик имкониятлари ўрганиб чиқилди.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг Африка мамлакатларига экспортининг 57 фоизи Мисрга йўналтирилади. Бошқа ҳамкорлар қаторидан Марокаш, Судан, Жанубий Африка ва Тунис мамлакатлари ўрин олган. Аксарият Африка давлатларининг иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ, улар учун Ўзбекистондан ўғит ва қишлоқ хўжалиги техникаларини импорт қилиш имконияти жозибали кўринади.
Африканинг кўплаб мамлакатлари иқтисодиётининг иккинчи муҳим тармоғи тоғ-кон саноати – нефт ва газдан тортиб (Жазоир, Габон, Ливия ва Нигерия) металлар, минераллар (Намибия ва Жанубий Африкада) ва олмос (Ботсвана) ҳисобланади. Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати техникаси экспорти ҳам ушбу мамлакатларда қизиқиш уйғотиши мумкин.
Мисрга импорт қилиш учун Тартибга солинадиган маҳсулотлар экспорти ва импортини назорат қилиш бош ташкилотидан тегишли сертификатни олиниши керак. Миср экспорт қиладиган полимер, темир ва қоғоз каби кўплаб маҳсулотлар Ўзбекистон учун қизиқиш уйғотиши мумкин.
2022 йилда Жанубий Африка Республикаси Ўзбекистонга 2,33 млн долларлик маҳсулот, жумладан, кичик темир қувурлар, никел, цитрус мевалари, электроника, суюқлик насослари ва ёнғинга чидамли керамика экспорт қилди. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Жанубий Африка Республикасига экспорти сулфатлар, синтетик филамент иплари ва соф пахта ипларини ҳисобга олган ҳолда 1,1 млн долларни ташкил этди.
Марокаш томонидан асосан экспорт қилинадиган маҳсулотлар аралаш минерал ва кимёвий ўғитлар, автомобиллар, изоляцияланган симлар, фосфор кислотаси ва калций фосфатларидан иборат. Шу билан бирга, асосий импорт товарлари нефть ва буғдойдир. 2022 йилда Марокаш Ўзбекистонга 659 минг долларлик маҳсулот экспорт қилган. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Марокашга экспорти олтингугурт ва нефтни ҳисобга олган ҳолда 14 млн долларни ташкил этди.
Туниснинг асосий экспорти – изоляцияланган сим, нефть, эркаклар костюмлари ва зайтун мойи. Асосий импортга қайта ишланган нефт, нефт гази, буғдой ва автомобиль киради. 2022 йилда Тунис Ўзбекистонга қиймати ярим миллион доллардан кам бўлган маҳсулот экспорт қилган. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Тунисга экспорти 1,4 млн долларни ташкил этиб, асосан, рух, ип-калава ва тўқилган пахтадан иборат эди. Ўзбекистон экспортини кенгайтириш учун илғор электр бутловчи қисмлар ва ускуналар истиқболли маҳсулотлар бўлиши мумкин. Товарларни импорт қилиш учун махсус ҳужжатлар талаб қилинмайди (тегишли лицензия талаблари бундан мустасно).
Кения экспорти қиладиган асосий маҳсулотлар чой, гуллар, қаҳва ва титан рудаларидан иборат. Асосий импортга нефть, палма ёғи, буғдой, дори-дармонлар ва автомобиллар киради. 2022 ва 2023 йилларда Ўзбекистондан Кенияга товарлар экспорти ҳажми кўп бўлмаган. Сулфатлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси экспортини кенгайтириш мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини чуқурлаштириш йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкин. Кенияга товарларни импорт қилиш учун божхона тартиб-таомилларидан ўтиш ва Кения стандартлар бюросидан стандартлаштириш сертификатини олиш учун мурожаат қилиш керак.
Савдо алоқаларини янада кенгайтириш, транспорт логистикасини йўлга қўйиш ва маҳсулотларимизни ташқи бозорларга экспорт қилиш йўлларини кўпайтириш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича таклиф тайёрланди.
Мавзуга оид
13:20 / 16.11.2024
Ўзбекистон Осиё-Тинч океани минтақасида трансчегаравий савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимга қўшилди
11:27 / 07.11.2024
Ўзбекистон ва Покистон имтиёзли савдо битимига кирувчи маҳсулотлар бўйича музокара олиб бормоқда
14:08 / 05.11.2024
Саҳрои Кабирни кўкаламзорлаштириш Ер иқлимига қандай таъсир қилади?
10:50 / 31.10.2024