Спорт | 12:03 / 29.07.2024
34010
9 дақиқада ўқилади

Париж кундалиги: сузишда янги қирол, 14 ёшли чемпион ва Байлзнинг қайтиши

Жума оқшомида Парижда Ёзги Олимпия ўйинлари очилиш маросими ўтказилганди, шанба ва якшанба кунлари илк совриндорлар тақдирланди. Дам олиш кунлари воқеаларга бой бўлди — француз регбичилари триумфи, Америка спорт гимнастикаси асосий юлдузи Симона Байлзнинг қайтиши ва афсонавий Майкл Фелпснинг рекорди янгиланиши шулар жумласидан.

Япониялик мактаб ўқувчиси Парижда скейтбордда олтин олди

28 июл куни Парижда аёллар ўртасида скейтбординг — «стрит» (шаҳар муҳитини ҳосил қилувчи тўсиқлар ўрнатилган майдонда ўтказилади) бўйича медаллар жамланмаси ўйналди.

Шоҳсупага кўтарилганларнинг барчаси вояга етмаган спортчилар эди: олтин медални 14 ёшли япониялик Коко Есидзава (272,25 балл), кумушни — унинг 15 ёшли ватандоши Лиз Акама (265,95), бронзани — 16 ёшли бразилиялик Раисс Леал (253,37) қўлга киритди.

Лекин Есидзава бу билан жаҳон рекордини ҳам, миллий рекордни ҳам ўрнатгани йўқ. Бу спорт бўйича баҳслар Олимпиадага Токиодаги ўйинларда қўшилганди ва ўшанда 13 ёшли япониялик Момидзи Нисия олтин медални қўлга киритганди. У Парижга келмади, аммо финалда Япония вакиллари етарлича эди – саккиз иштирокчидан уч нафари.

Шу билан бирга, Нисия ҳам Ўйинлар тарихидаги энг ёш олимпия чемпиони эмас: 1960 йилда германиялик Клаус Церта 13 ёшида академик эшкак эшиш бўйича баҳсларда олтин қўлга киритганди, 1936 йилда эса Берлин Олимпиадасида сувга сакраш бўйича баҳсларда 13 ёшли америкалик Маржори Гестринг чемпион бўлганди. Гестринг бу натижага эришган вақтида Церта ва Нисиядан бироз ёшроқ бўлган ва рекорд айнан унга тегишли ҳисобланади.

Парижда аёллар скейтбординги бўйича баҳслар ҳали якунланмади. 6 август куни «парк» йўналиши бўйича баҳслар ўтказилади. Унда ҳам ўсмир спортчилар, жумладан Франциядаги ўйинларнинг энг ёш иштирокчиси — 11 ёшли хитойлик Чжэн Ҳаоҳао ўз омадини синаб кўради.

Халқаро олимпия қўмитаси иштирокчиларга ёш борасида чекловлар қўймаган, шунинг учун федерациялар ўйинларга мактаб болаларини ҳам юборади. Скейтбордингда бундайлар сони кўпчиликни ташкил қилади: спортчи қанчалик енгил бўлса, машқларни бажариш осонроқ бўлади. Шу туфайли спортнинг бу турини сўнгги вақтларда фигурали учиш билан таққослашмоқда, унда ҳам атлетнинг вазни муҳим рол ўйнайди.

Маршан Фелпснинг сўнгги рекордини ҳам ўзиники қилди. Сузиш бўйича янги қиролнинг Олимпиядаги юриши бошланди

Олимпия ўйинлари-2024. Париж, Франция
Сузиш. Эркаклар
400 м, комплекс

1. Леон Маршан (Франция) — 4.02,95 — олимпия рекорди
2. Томоюки Матцусита (Япония) — 4.08,62
3. Карсон Фостер (АҚШ) — 4.08,66

«Ла Дефанс» ҳавзасида мусобақаларнинг иккинчи куни мухлисларни ҳаяжон остида ушлаб турди. Французларнинг сув спортидаги асосий умиди Леон Маршан уялтирмади ва ишончни оқлашни бошлади.

Маршан энг қийин йўналишлардан бирида — 400 метрга комплекс сузишда олтин медални қўлга киритди. Бундан ташқари, Леон нафақат қўшни йўлаклардаги рақиблари билан, балки ўзи жаҳон чемпионатида ўрнатган рекорд ҳамда Майкл Фелпс давридаги олимпия рекорди билан ҳам рақобатлашди.

Маршан Олимпиадага мухлислар ёқимтойи сифатида, шу билан бирга ҳали олимпия ўйинларида бирорта совринга эга бўлмаган ҳолда ташриф буюрди. Ушбу француз ўзини сайёра аҳлига 2022 йилда, Будапештдаги жаҳон чемпионатида ўзи қатнашган йўналишлардаги барча олтин медалларни қўлга киритган ҳолда танитганди, бир йил ўтиб эса Фукуокадаги чемпионатда ҳам ўз даражасини намойиш этди. Йўл-йўлакай, 400 метр масофага комплекс сузишда жаҳон рекордини ўрнатди.

Бу Фелпснинг жаҳон чемпионатларидаги сўнгги рекорди бўлиб турганди, шундан кейин унда фақат олимпия рекорди қолди — бу ҳам 400 метр масофага комплекс сузишда. Леоннинг Париждаги илк мусобақаси ҳам айнан шу масофада бўлди ва ушбу спорт мухлисларининг барчаси у бу вазифани қай тариқа уддалашини муҳокама қилиш билан банд эди.

Гувоҳларнинг қайд этишича, шу куни «Ла Дефанс» аренасидаги муҳит рок-гуруҳ концертини эслатарди: 15 мингдан ортиқ мухлиснинг аксари стадионга айнан Леон ва унинг янги рекордини кўриш учун келганди. Бу контекстда рақиблар ҳақида гапириш ўринсиз эди. Маршан Фукуока-2023 чемпионатида ушбу масофани 4:02.50 дақиқада босиб ўтганди, Фелпс эса 15 йил олдин, ўзининг энг яхши даврида Пекинда 4:03.84 натижасини қайд этганди. Бу шу вақтгача Олимпиада тарихидаги энг яхши натижа бўлиб қолаётганди.

Ёш француз Фелпс билан виртуал рақобатда яна устун келди, аммо сўнгги метрларда сустлашди ва ўзининг рекордини янгилай олмади. Аммо минимум вазифа бажарилди — буюк америкаликнинг яна бир рекорди ўтмишда қолди.

Симона Байлзнинг юқори даражадаги қайтиши

Жаҳоннинг энг совриндор гимнастикачиси, Америка делагацияси юзларидан бири, Симона Байлз якшанба куни яна ажойиб ва руҳий ҳолатда эканини намойиш этди.

Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида жами 37 медал қўлга киритган Байлз Токио Олимпиадасида муаммога учраган ва тўлиқ иштирок эта олмаган, фақат бир бронза ва жамоавий баҳслардаги кумуш медал билан чекланганди.

Бунга асосан руҳий муаммолар сабаб бўлганди, у ўзига ишончни йўқотиб қўйганди. Бу муаммоларни енгиб ўтган спортчи 2023 йил Анверпендаги жаҳон чемпионатида 4 та олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди.

Унинг Париждаги чиқишини кузатиш учун эса Том Круз, Леди Гага, Снуп Догг, Ариана Гранде, Жессика Честейн, Жон Ледженд ва Анна Винтур каби машҳур шахслар ташриф буюрди. Улар якшанба куни шу вақтда Леброн Жеймс бошчилигидаги баскетболчилар ўйинига бормасдан, айнан спорт гимнастикаси бўйича баҳсларни танлаганди.

Кўпкураш баҳсларида Байлзнинг болдир мушакларида муаммо юзага келди ва у майдонга оёғига бинт ўраган ҳолда қайтди, аммо у саралашни энг юқори натижа билан якунлаб, финалга чиқди.

Кўпкураш бўйича финал пайшанба куни ўтказилади. Ундан олдинроқ, сешанба куни жамоавий баҳслар бўйича финал бўлиб ўтади.

Шунингдек, у эркин машқлар, таяниб сакраш ва брусдаги машқлар бўйича ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Яна Надал, Жокович ва Маррей

Теннис бўйича эркаклар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида Испания энг асосий юлдузлари билан иштирок этмоқда: Карлос Алкарас ва Рафаэл Надал. Улар шанба куни олтин йўлидаги курашини аргентиналик Андерс Молтени ва Максимо Гонсалес устидан ғалаба билан бошлашди.

Сербия жамоаси сафида Парижгакелган Новак Жокович эса яккалик баҳсларида австралиялик Мэтт Эбденни атиги 53 дақиқа ичида 6-0, 6-1 ҳисобларида мағлуб этди.

Сўнгги вақтларда Британиянинг энг яхши теннисчиси бўлиб қолаётган 37 ёшли Энди Маррей ҳам жуфтлик баҳсларида (у Дан Эванс билан бирга ўйнамоқда) ғалаба қозониб, кейинги босқичга ўтди. Аввалроқ Маррей Париждаги ўйинлар унинг фаолиятида сўнгги турнир бўлиб қолишини айтганди.

Аёллар теннисида эса жаҳоннинг биринчи рақамли ракеткаси бўлиб турган полшалик Ига Свёнтек руминиялик Ирина-Камелия Бегуни 6-2, 7-5 ҳисобларида мағлуб этди.

Ҳуштакбозликка учраган ван де Велде

Стивен ван де Велде Нидерландия олимпия жамоаси сафига киритилгани ҳуқуқ фаоллари томонидан кескин норозилик билан қарши олинганди. Пляж волейболи вакили 2016 йилда 12 ёшли британиялик қизни зўрлашда айбланиб, тўрт йилга қамалганди.

29 ёшли спортчини Олимпиададан четлатишга чақирилган онлайн-петиция 90 минг имзо тўплади.

Ван де Велде Олимпия қишлоғида яшашдан, шунингдек ўйинлардан кейин интервю беришдан бош тортди.

Ван де Велде Эйфел минораси атрофида жойлашган пляж волейболи учун майдонда пайдо бўлиши ҳуштакбозликлар билан қарши олинди.

У ва унинг шериги Мэтю Иммерс жаҳон рейтингида 10-ўринда жойлашган. Шунга қарамай, улар 25-ўриндаги италияликлар, Алекс Раниери ва Адриану Карамбулега 1-2 ҳисобида ютқазишди.

Нидерландия олимпия қўмитаси ван де Велде реабилитация жараёнини муваффақиятли ўтагани ва жамоадаги ўринга муносиб эканини маълум қилган.

Халқаро волейбол федерацияси ван де Велде саралашдан ўтганидан кейин, Нидерландияга уни Парижга юборишга тўсқинлик қила олмади.

Франция регбичилар ғалабасини нишонлади

Шанба куни Олимпиада мезбонлари илк олтинни эркаклар регбиси-7 бўйича баҳсларда қўлга киритишди: улар амалдаги олимпия чемпионлари, Фижи жамоасини 28-7 ҳисобида мағлуб этди.

Бу ғалабага орасида Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам бўлган 70 минг томошабин гувоҳ бўлди.

Бу фижиликларнинг регби-7 олимпия дастурига қўшилганидан кейинги даврда Олимпиада ўйинларидаги илк мағлубияти бўлди: улар 2016 йил Рио-де-Жанейрода ҳам, уч йил олдин Токиода ҳам чемпион бўлишганди.

Мавзуга оид