13 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Париждаги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.
– Сиз, азиз спортчилар Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган 17-ёзги Паралимпия ўйинларида рекорд натижаларга эришиб, мамлакатимизга мана шундай байрам руҳини олиб келдингиз. Барчангизни оламшумул ютуқ ва натижаларингиз билан ўз номимдан, эл-юртимиз номидан чин юракдан самимий табриклайман, – деди давлат раҳбари сўзининг аввалида.
Ушбу халқаро спорт анжуманида дунёнинг 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин энг кучли ва маҳоратли спортчилар иштирок этгани унинг нуфузи ва миқёси нақадар улкан эканидан далолат беради.
– Шу маънода, Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши, десак, тўғри бўлади. Сиз, азму шижоатли фарзандларимиз ғоят кескин беллашувларда юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз, – деди президент.


Ўзбекистон жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллагани таъкидланди. Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари ҳеч қачон бўлмагани қайд этилди.
– Бу – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз самарасидир. Бу – юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижасидир. Ўз Ватанини жону дили билан севадиган, метин иродали, юрагида ўти бор инсонларгина шундай улуғ ишларга қодир бўлади. Халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади. Катта раҳмат сизларга, – деди давлат раҳбари.
– Албатта, Паралимпиадада эришилган ҳар бир ютуқ, ҳар бир натижа беқиёс аҳамиятга эга. Чунки тўрт йилда бир марта ўтадиган бундай йирик халқаро мусобақа орқали дунё ҳамжамияти ҳар бир қатнашчи мамлакатда инсоннинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қандай эътибор қаратилаётганига баҳо беради. Шу боис, сизлар тарихий ютуқларингиз билан Ўзбекистон шаънини, юртимиз нуфузини юксак босқичга олиб чиқдингиз, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз, – деди президент.
Ҳусниддин Норбеков Ўзбекистон тарихида биринчи марта уч карра Паралимпия чемпиони бўлгани, шу билан бирга янги рекорд ўрнатгани алоҳида таъкидланди. Паҳлавон ўғлонлар Бобиржон Омонов ва Шерзод Намозов ядро улоқтириш ва дзюдо бўйича иккинчи бор олтин медалларни қўлга киритди. Бобиржон паралимпия рекордини ҳам янгилади.
























