Жамият | 10:12 / 30.07.2024
4693
3 дақиқада ўқилади

“Йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқдан заҳарланиш ҳолатлари учрамоқда” – Санэпидқўмита

Қўмитага кўра, кўчада антисанитар ҳолатда сотилаётган музқаймоқда стафилококк бактерияси бўлиши мумкин. Кўча-кўйда сотилаётган музқаймоқ солинган аксарият идишлар бугунги кунда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Бундай пластик идишларни эса кимёвий усулда зарарсизлантириш имконияти мавжуд эмас.

Фото: Kun.uz

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси кўчада антисанитар ҳолатда сотилаётган музқаймоқда стафилококк бактерияси бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Маълум қилинишича, музқаймоқ асосан сут маҳсулотидан тайёрланиши сабабли тез ўзгарувчанлик хусусиятига эга. Шу боис уни доим совуқ ҳароратда сақлаш талаб этилади. Агар иссиқлик таъсирида музқаймоқ эриса, қайтадан музлатиб, истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки жараён давомида музқаймоқнинг таркиби ўзгариб, бактерияларни ўзига жалб қилиш хусусияти ортади.

“Афсуски, бугун кўчада рухсат этилмаган идишларда музқаймоқ сотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Табиийки, музқаймоқ солинган идишлар музлатгич имкониятига эга эмас. Шу сабабли ичидаги маҳсулотни етарли даражада салқин ва сифатли сақлаб беролмаслиги ҳам бор гап.

Бугунги кунда йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқлар кўпайди. Охирги пайтларда ана шу маҳсулотлардан истеъмолчиларнинг заҳарланиш ҳолатлари юзага келмоқда. Кўча-кўйда сотилаётган музқаймоқ солинган аксарият идишлар бугунги кунда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Бундай пластик идишларни эса кимёвий усулда зарарсизлантириш имконияти ҳам мавжуд эмас”, дейилади қўмита хабарида.

Қайд этилишича, қўмита томонидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбирларини олиб борилмоқда. Кўчада сотилаётган музқаймоқ маҳсулотларидан назорат таҳлили олинганида уларнинг таркибида сталифилококк бактерияси аниқланган.

Стафилококк кўп ҳолларда иккиламчи инфекцияларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Патоген стафилококк тушган сут ва сут маҳсулотлари: торт, музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилганда киши заҳарланиши мумкин.

Қўмитага кўра, йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқларнинг қачон ва қаерда, қандай шароитда ишлаб чиқарилгани, таркиби, сақлаш муддати ҳамда шароити тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунингдек, бу маҳсулотни сотаётган сотувчилар махсус кийим-бош билан таъминланмаган ва уларнинг тиббий кўрикдан ўтгани тўғрисида махсус юритиладиган дафтари ҳам мавжуд эмас. Талабга кўра, маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар, савдо шохобчалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган ходимлар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари зарур.

“Музқаймоқ асаб ва ошқозон-ичак фаолиятининг бир маромда кечишида фойдали, аммо бу маҳсулотни тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш жуда зарурий омилдир. Аввало сут маҳсулотининг қаердан олиб келинган, ветеринария экспертизасидан ўтиб, маълумотномага эга бўлганми, шунингдек, эпидемиологик вазияти яхши сигирлардан олинганми, шуларга диққат қаратиш даркор”, дейилади хабарда.

Қўмита музқаймоқ тайёрлаганда зарур технологик жараёнларга амал қилиш, шахсий гигиена қоидаларини қатъий бажариш кераклигини ҳам эслатиб ўтган.

Санэпидқўмита олдинроқ фуқароларни автомобил йўллари ёнидан тарвуз ва қовун сотиб олмасликка чақирганди.

Мавзуга оид