Жаҳон | 18:33 / 03.08.2024
19979
2 дақиқада ўқилади

Эрон Исмоил Ҳания ўлими бўйича тафсилотларни маълум қилди

ҲАМАС етакчиларидан бири қисқа масофага учувчи снаряд ёрдамида ўлдирилгани таъкидланмоқда.

Фото: Anadolu Agency

ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания оғирлиги тахминан 7 кг бўлган жанговар каллакли қисқа масофага учувчи снаряд ёрдамида ўлдирилган. Бу ҳақда Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚК) таяниб Anadolu хабар берди.

«ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўз қароргоҳи ташқарисидан отилган, оғирлиги тахминан 7 кг бўлган қисқа масофага учувчи каллакдан ҳалок бўлди», дейилади хабарда.

Қайд қилинишича, суиқасд Исроил томонидан АҚШ ҳукумати кўмагида режалаштирилган ва амалга оширилган.

ИИҚК Ҳания учун қасос, албатта, керакли вақтда ва керакли жойда амалга оширилишини таъкидламоқда.

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания Эроннинг янги сайланган президенти Масуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга борди. ИИҚК 31 июл куни эрталаб Эрон пойтахтидаги Исмоил Ҳания яшаётган қароргоҳига зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Эрон ва ҲАМАС қотилликни уюштирганликда Исроилни айблади. Бироқ Исроил расмийлари воқеага изоҳ беришдан бош тортмоқда.

Мавзуга оид