Ўзбекистон | 14:30 / 05.08.2024
6363
1 дақиқада ўқилади

Президент қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтди

Шавкат Мирзиёев 10 кун давом этган меҳнат таътилидан қайтди. Жорий ҳафтада давлат раҳбари Қозоғистонда бўлиши ва «Марказий Осиё + Япония» форматидаги саммитда иштирок этиши режалаштирилган. Ҳафта якунида Япония бош вазири Фумио Кишида Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

5 август куни Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Қайд этилишича, жорий ҳафтада президент ҳузурида ижтимоий-иқтисодий кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан йиғилишлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳафта давомида (7–9 август) Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади.

Давлат раҳбари Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувида ҳамда «Марказий Осиё + Япония» форматидаги саммитда иштирок этиши режалаштирилган.

Ҳафта якунида Япония бош вазири Фумио Кишида расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Бунгача давлат раҳбари апрел ойида таътилга чиққанди. Ундан аввалроқ 2023 йил декабр ойида, ундан аввал эса 2022 йил январида қисқа муддатли таътилда бўлганди.

Мавзуга оид