Ўзбекистон | 11:16 / 07.08.2024
6257
2 дақиқада ўқилади

Фурқат туманига янги ҳоким тайинланди 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Элёр Асронкулов июл ойи ўрталарида президент раислигидаги йиғилишда ишдан олинган Жаҳонгир Жуманов ўрнига тайинланди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Бугун, 7 август куни Фарғона вилоятида халқ депутатлари Фурқат туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди

Сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров иштирок этди. Унда лавозимидан озод этилган Жаҳонгир Жуманов ўрнига янги туман ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.

Вилоят ҳокими томонидан тақдим этилган Элёр Асронкулов номзоди Фурқат тумани депутатлари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди ва ҳозирга қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Элёр Асронкулов Фурқат тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

У 1985 йилда Бағдод туманида туғилган. Фарғона политехника институтини иқтисодчи мутахассислиги билан тамомлаган. 

Меҳнат фаолиятини 2011 йилда Пенсия жамғармаси Бағдод тумани бўлими инспектори вазифасида бошлаган. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Фарғона вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2019-2020 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ижро этувчи аппаратида фаолият олиб борган. 2020-2023 йилларда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи бўлган.  

2023 йил 20 августдан бери Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келаётганди.

Маълумот учун, жорий йилнинг июл ойи ўрталарида Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича видеоселектор йиғилиши давомида 9 та туман ва бир шаҳар ҳокими ишдан олинганди.

Хусусан, Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари, Ғозғон шаҳри ҳокимлари лавозимидан олинган, 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган.

Мавзуга оид