Жаҳон | 07:43 / 07.08.2024
7837
3 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги бошқармаси собиқ бошлиғи ҳибсга олинди

Владимир Демчик Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномалар эвазига номи ошкор этилмаган компаниядан йирик миқдорда пора олганликда гумон қилинмоқда. У 15 йилга қамалиши ва жаримага тортилиши мумкин.

Фото: Vladimir Baranov / Global Look Press

Россияда Россия Мудофаа вазирлиги буюмлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Владимир Демчик йирик миқдорда пора олганликда гумонланиб ҳибсга олинди. 235-гарнизон ҳарбий суди Россия Тергов қўмитаси Ҳарбий тергов бош бошқармасининг Демчикни ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди, деди 6 август, сешанба куни Россия Федерацияси Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренко.

Тергов маълумотларига кўра, 2017 йилда Демчик номи ошкор этилмаган компания раҳбаридан 4 миллион рубл пора олган. Кейинги икки йил ичида ушбу компания Мудофаа вазирлигидан 574 миллион рублдан ортиқ 26 та шартнома олди. Демчик 15 йилга қамалиши ва жаримага тортилиши мумкин.

Тергов қўмитаси вакилига кўра, ҳозир пора берувчига нисбатан жиноий иш қўзғатиш масаласи ҳал қилинмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги ва Бош штабида ушлаш ва ҳибсга олишлар 

Бу сўнгги ойларда Россия қуролли кучлари тузилмаларидаги ягона шов-шувли иш эмас. 1 август куни Россиянинг «Военторг» акциядорлик компанияси бош директори Владимир Павлов Россия Мудофаа вазирлиги маблағларини ўзлаштирганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Тергов маълумотларига кўра, Павлов ҳукумат шартномаси бўйича 400 миллион рублдан ортиқ миқдорда оширилган нархда армия несессерларини сотиб олишни таъминлаган. 

26 июл куни Россия мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, генерал Дмитрий Булгаков ҳибсга олинди. Терговчиларнинг фикрига кўра, Булгаков даврида қўшинларни юқори нархларда паст сифатли қуруқ овқат билан таъминлаш тизими яратилган. Тергов қўмитаси унинг фаолиятидан етказилган зарарни 1,3 миллиард рублга баҳолаган. 

24 июл куни Россия Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий қурилиш компанияси (ВСК) бош директори Андрей Белков Москвада қўлга олингани маълум бўлди. У 2019 йилда Мудофаа вазирлигининг даволаш-диагностика маркази учун томографияни оширилган нархда – 76 миллион ўрнига 121 миллион рублга давлат харидини ташкил қилганликда гумонланмоқда.

Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Тимур Иванов апрел ойида ўта йирик миқдорда пора олганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Май ойида Россия Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнецов ҳам пора олаётганликда айбланиб ушланди. Худди шу ойда Россия Мудофаа вазирлигини танқид қилган 58-армиянинг собиқ қўмондони Иван Попов фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган.

Май ойи охирида Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари Вадим Шамарин ҳибсга олинди. У 36 миллион рубл миқдорида пора олганликда айбланмоқда ва айбини қисман тан олган.

Мавзуга оид