Ўзбекистон | 14:07 / 11.08.2024
7458
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги кўп йиллик дарахтлар ва болалар майдончаси жойлашган ҳудуд сотувга қўйилди

Олмазорнинг Себзор даҳасига мансуб бу икки жой тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун онлайн танловга жойлаштирилган. Бунда кўп йиллик дарахтлар бор ер ярим млрд сўмга, болалар майдончаси эса 1,2 млрд сўмга баҳоланган. Шаҳар ҳокимияти ҳозирча бу борада изоҳ бермади.

Пойтахт ҳокимияти ва “Ташкент Инвест” АЖ томонидан яқинда e-auksion.uz платформасига тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун мўлжалланган ер участкалари жойлаштирилди.

110 дан ортиқ участкалар қаторида яшилликка бой ва болалар майдончаси мавжуд бўлган 3,5 сотихли ерлар ҳам сотувга қўйилган. Хусусан, Олмазор тумани Янги Себзор маҳалласида қурилган 2,5 сотихли болалар майдончаси 1 млрд 219 млн сўмга, Себзор маҳалласидаги 1 сотихли кўп йиллик дарахтларга эга жой эса 512 млн 246 минг сўмга баҳоланган.

Платформада кўп қаватли уйлар рўпарасида жойлашган бу икки ер участкаси 2 қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қуришга ихтисослашгани билдирилган.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун сотиб юборилаётган жойлар масаласида маҳаллий аҳолининг фикри қанчалик ўрганилгани, лотларга бу ерларнинг қўйилиш сабаблари юзасидан Kun.uz шаҳар ҳокимиятига сўров жўнатди. Ҳокимият матбуот хизмати бу борада расмий муносабат тайёрланаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тасдиқланмасидан туманларда янгиланадиган ҳудудларнинг чегараси белгилаб берилган эди.

ЎзЛиДеП партияси ҳокимнинг бу қарори бўйича шошмашошарликка йўл қўймаслик кераклигини, реновация хусусий мулк дахлсизлигига рахна солмаслиги зарурлигини айтганди.

 

Мавзуга оид