Жаҳон | 08:11 / 14.08.2024
1663
3 дақиқада ўқилади

БМТ ҳусийчилар қўлга олган ходимларини озод этишни талаб қилмоқда

Июн ойи бошида ҳусийчилар Яман пойтахтида БМТнинг 13 нафар ходими ва 50 дан ортиқ гуманитар ташкилотлар вакилларини асирга олган, 3 августдан буён жангчилар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги Санодаги идорасида бўлиб турибди.

Фото: Yahya Arhab/EPA

Яман ҳусийчилари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг пойтахт Санодаги идорасига бостириб кириб, БМТ 13 нафар ходими ва 50 дан ортиқ гуманитар ташкилотлар вакиллари ҳамда элчихона ходимини қўлга олди. Ташкилот 13 август, сешанба куни Женевадан хабар беришича, уларнинг баъзилари уйларидан куч билан олиб кетилган.

Ушбу ҳодисалар 6 ва 7 июн кунлари содир бўлган, аммо вазият тез ҳал этилиши умидида жамоатчиликка ошкор этилмаган. 3 август куни Эрон томонидан қўллаб-қувватланган «Ансор Аллоҳ» ҳусийчилар ҳаракати ташкилотнинг Санодаги офисига «делегация» юборди. Баёнотда айтилишича, жангчилар ходимларни калит ва ҳужжатларни беришга мажбурлаган, айни пайтда улар биноларни ҳамон назорат қиляпти.

Ҳусийчилар қўлга олинганларни «дарҳол ва сўзсиз қўйиб юбориши» керак

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк қўлга олинган, ташқи дунё билан ҳеч қандай алоқаси йўқ ҳолда сақланаётган одамларни «зудлик билан ва шартсиз озод қилиш» ҳамда мусодара қилинган мулкларни қайтаришга чақирди. «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг идорасига рухсатсиз кириш, ҳужжатлар ва мулкни мажбуран тортиб олиш БМТ имтиёз ва иммунитетларига мутлақо тўғри келмайди», - деди у. 

Турк, шунингдек, воқеаларни «БМТнинг ўз мандатини бажариш, жумладан, инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш қобилиятига жиддий ҳужум» деб атади. 

Ҳусийчилар 2021 ва 2023 йилларда ҳам БМТ ходимларини қўлга олган 

Ҳусийчиларнинг «Ансор Аллоҳ» ҳаракати Яман пойтахти ва мамлакат шимоли катта қисмини назорат қилади. Улар 2021 йил ноябр ва 2023 йил август ойларида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг икки ходимини қўлга олишган. Улардан бири разведка хизматлари учун ишлаганини тан олишга мажбурланган, деди Турк бу воқеаларни қоралаб. 

Яманда ҳукумат ва ҳусийчи исёнчилар ҳамда уларнинг иттифоқчилари ўртасидаги ҳарбий можаро 2014 йил охиридан бери давом этмоқда. Яман ҳукумати томонида Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси.

Мавзуга оид