Жаҳон | 11:50 / 16.08.2024
2105
3 дақиқада ўқилади

Ҳамас Ғазо бўйича янги музокараларда қатнашишдан бош тортди

Ҳамас гуруҳи «музокаралар мақсадида ўтказиладиган музокараларда» иштирок этишни истамаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, Исроил Қатардаги учрашувда иштирок этишини тасдиқлади.

Фото: AP

Ҳамас гуруҳи Қатарда Ғазода сулҳ тузиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича янги музокараларда қатнашмайди. Бу ҳақда Британиянинг BBC медиа-компанияси 14 август куни Ҳамас раҳбарияти аъзосининг баёнотига таяниб хабар берди. Шу билан бирга, Исроил бундай музокараларда иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади. 

BBC билан суҳбатда Ҳамас вакили гуруҳ «Исроил уруш олиб боришда давом этаётган шароитда музокаралар учун музокараларда» қатнашишни истамаслигини айтди. Ўз навбатида, AFP агентлигининг хабар беришича, гуруҳ Доҳада 15 август куни бўлиб ўтиши керак бўлган музокараларда иштирок этмади. Агентлик, шунингдек, Ҳамас вакилига иқтибос келтирган ҳолда, гуруҳ май ойи охирида АҚШ президенти томонидан тақдим этилган оташкесим таклифига ишора қилиб, «Байденнинг режаси амалга ошишини ва фақат музокаралар учун музокаралар олиб борилишини истамаслигини» айтди. 

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 14 август куни Исроил ташқи разведка хизмати «Моссад» ва Исроил Бош хавфсизлик хизмати «Шин-Бет» раҳбарлари музокаралар учун Қатар пойтахтига боришини маълум қилди. Бундан ташқари, йиғилишда Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уилям Бернс ҳам иштирок этиши керак эди. 

Бу Исроил ва Ҳамас ўртасида сулҳ ҳамда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича билвосита музокараларнинг биринчи босқичи эмас. 12 июл куни Жо Байден навбатдаги учрашувдан сўнг Исроил ҳукумати ва Ҳамас ҳаракати раҳбарияти ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишувлар доирасини келишиб олганини айтди. Шу билан бирга, АҚШ президенти томонларнинг «ҳали қиладиган ишлари кўп» эканлигини қўшимча қилди. 

Яқин Шарқдаги кескинлашув

7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
 
Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери деярли 40 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид